Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 21 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ АСОСИ

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашган тадбирда мамлакатимизнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети параметрлари муҳокама этилди.

Қўмита йиғилишида таъкидланганидек, парламентимиз юқори палатасининг нав­батдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати макроиқтисодий барқарорликни ва ялпи ички маҳсулотнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлашга, республика иқтисодиёти корхона ва тармоқларини техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилашга, аҳолининг фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилгандир. Дарҳақиқат, 2010 йилги Давлат бюджети параметрларида Президентимиз бошчилигида ишлаб чиқилган Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини изчил амалга ошириш ҳам инобатга олинган.  Бунда, айниқса, хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юкини янада енгиллаштиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, фуқароларнинг даромадларини кўпайтириш ҳамда аҳолининг харид қобилиятини оширишга, солиққа тортиш тизимини соддалаштиришга алоҳида эътибор берилди. Жумладан, юридик шахслар даромадидан олинадиган фойда солиғи ставкасининг 10 фоиздан 9 фоизга камайтирилиши кўзда тутилаётир. Бунинг натижасида хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида 52 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қолади. ­Та­биийки, ушбу маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети харажатлар қисмида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар кўлами янада кенгаяётир, — дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Б. Иминов. — Чунончи, мазкур йўналишдаги харажатлар 2009 йилда 55,6 фоизни ташкил этган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткич 59,1 фоизга етказилмоқда. Бунда соғлиқни сақлаш, таълим тизими, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича харажатларни  кўпайтириш, иш ҳақи, пенсиялар ва нафақаларни ошириш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети харажатлар қисмида иқтисодиётимиз етакчи тармоқ ва корхоналарини мақсадли қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани эътирофга лойиқ.

Бинобарин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш масаласи ҳам келгуси йил учун тузилган “Бюджетнома”да ўз ифодасини топган.

— Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалик экинлари, асосан, суғориладиган ерларда етиштирилади, — дейди Улуғнор туманидаги “Ишонч” фермер хўжалиги раҳбари, қўмита аъзоси С. Жўраев. — Шу сабабли қишлоқ хўжалигини ўз вақтида ва етарли миқдорда сув билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. 2010 йилда сув хўжалиги иншоотларини сақлаш, ишлатиш ва уларни доимий ишга тайёр ҳолатда ушлаб туриш тадбирлари учун Давлат бюджетидан 817,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини, айниқса, фермерларни етарли миқдорда сув билан таъминлашга замин яратади, деб айтишимизга асос бўла олади.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини бартараф этиш, хусусан, макроиқтисодий мутаносибликни ҳамда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларини таъминлаш, аҳолини иш билан банд этиш, маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарни, саноатнинг етакчи тармоқлари корхоналарини ва кичик бизнесни аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг миқёсли чора-тадбирларнинг жойлардаги самарали ижроси маҳаллий бюджетлар даромадларининг тўлиқ шаклланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

— 2010 йилги Давлат бюджетида маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларининг шаклланишига ҳам катта эътибор берилган, — дейди Чортоқ тиббиёт коллежи директори, қўмита аъзоси М. Болтабоева. — Хусусан, келгуси йилда ҳам республика бюджетига тушиши лозим бўлган 3 турдаги солиқ тушумлари тўлиғича маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилмоқда. Бу билан маҳаллий ҳокимликларга ўз ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш имконияти яратилмоқда.  2010 йилда маҳаллий бюджетларнинг умумий даромадлари ва харажатлари 2009 йилдагига нисбатан сезиларли даражада ошиши кутилаяпти. Бу маблағлар ҳисобига ижтимоий соҳа ва аҳолини қўллаб-қувватлаш, капитал қурилиш ва ободонлаштириш харажатларини қоплаш кўзда тутилаётир. Табиийки, шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари даромадларининг ошиши республика бюджетидан ажратиладиган дотация миқдорининг камайишига таъсир кўрсатади.

Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги  Давлат бюджети атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 21 ноябрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati