Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 20 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан

Аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг негизини ташкил этади

Маълумки, дунёни ташвишга солган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози халқаро бозорда халқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда сервис хизматларига бўлган талабнинг сусайишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, корхоналарда тежамкорликка эришишга қаратилган чораларнинг кўрилишига сабаб бўлаётир. “Манаман” деган мамлакатларнинг йирик корхоналарида ишчилар сони кескин қисқартирилиб, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътили кунлари узайтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда молиявий таназзулнинг илк давриданоқ янги иш ўринлари яратиш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

      Аввало, мавжуд иш жойларини сақлаб қолиш юзасидан қатъий чоралар кўрилди. Хусусан, Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурига биноан, корхоналарни модернизация қилиш, уларни техник ва технологик қайта жиҳозлаш тадбирлари жадаллаштирилиб, замонавий ҳамда тез мослашувчан технологиялар жорий этилди. Айниқса, экспортга маҳсулот тайёрлайдиган корхоналарнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли вазифалар бажарилгани натижасида мавжуд иш ўринлари сақлаб қолинди, корхоналарда оммавий равишда иш жойларининг қисқартирилишига йўл қўйилмади. Балки аҳоли бандлигини ошириш бўйича ижобий ютуқларга эришилди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида мамлакатимизда 743,5 мингта янги иш ўрни яратилгани ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси, албатта.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида изчил ижтимоий сиёсат олиб борилаётир. Айниқса, бу масалага ички бозор имкониятларидан келиб чиқиб ёндашилаётгани, янгиликларнинг ишлаб чиқаришга  жорий этилаётгани айни муддао бўлмоқда. Бу ўринда зарур ҳуқуқий мажмуаларнинг ўз вақтида қабул қилинганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Президентимизнинг “Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунинг ёрқин далилидир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар аҳоли бандлиги бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлмоқда. 

Дарҳақиқат, аҳолини иш билан таъминлашда Юртбошимиз раҳнамолигида рўёбга чиқарилаётган мақсадли дастурларнинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган  2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳам ана шу жиҳатдан олиб қараганда, келгуси йилда ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг тизимли ва изчил ривожланишида айни зарурат касб этади. Зеро, ушбу ҳужжатга биноан, 2010 йилда мамлакатимизда 950 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Бундай йирик кўламдаги ишлар, аввало, келгуси йилга мўлжалланган Инвестиция дастури, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича мўлжалланган чора-тадбирлар негизида амалга оширилади. Жумладан, бу саъй-ҳаракатлар натижасида 56,3 мингта янги иш ўрни яратилади.

Кичик корхоналар, микрофирмалар ташкил этиш ва якка тартибдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантириш иш ўринларини бунёд этишда асосий ўрин тутади. Масалан, бу йўналишда 476,6 минг нафар ҳамюртимиз иш билан таъминланиши мўлжалланаётир. Президентимизнинг “Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида, яъни саноат корхоналари билан кооперациялашувни рағбатлантириш, халқ ҳунармандчилиги, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳисобига 208 минг нафар киши бандлиги таъминланади. Бунда, айниқса, кўп болали аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қамраб олишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, бугун мамлакатимизда паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни етиштиришга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларини ташкил этиш масаласи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг диққат-эътиборида турибди. Келгуси йилда бундай фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда кенгайтириш ҳисобидан қишлоқларда 127,7 мингта иш жойи яратилади.

Шунингдек, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига биноан, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, вақтинча ишламаётган корхоналар, шу жумладан, тижорат банклари тасарруфига ўтказилган банкрот корхоналар фаолиятини тиклаш орқали ҳам қўшимча иш ўринлари барпо этилиши кўзда тутилаётир.           

Дастурнинг кўлами анча кенг бўлиб, уни изчил ва белгиланган муддатларда бажаришда тегишли мутасадди идоралар зиммасига катта масъулият юкланади. Айниқса, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ҳам, ушбу дастурнинг ҳудудларда ижро этилишида фаол бўлиши, жонбозлик  кўрсатиши тақозо этилади. Зеро, мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади. Бу борада тегишли дастурлар ишлаб чиқилаётгани ҳамда рўёбга чиқарилаётгани фуқароларни иш билан таъминлаш жараёнининг изчил ва кенг кўламли бўлишини таъминлаётир. 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш дастури ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши турган гап. Зеро, Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган дастурларнинг пировард мақсади ҳам фуқароларимиз фаровонлигини ошириш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Ҳамротош ШОДИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 20 ноябрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati