Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 20 май

Дастур ижросидаги изчиллик - молиявий инқирозни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга

Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисидаги масала муҳокама этилган эди. Унда маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг доимий комиссиялари ўз ҳудудларида инқирозга қарши чораларнинг мукаммал ва пухта дастурини ишлаб чиқиши, унда ҳудуднинг мавжуд салоҳияти тўла инобатга олиниши лозимлиги уқтирилди. Муҳими, ушбу масалани туман, шаҳар Кенгашларининг сессияларида изчил ўрганиш, таҳлил этиш, қонунчиликда кўзда тутилган тартибда назорат ўрнатиш кераклиги қайта-қайта таъкидланди. Тошкент вилоятидаги халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг яқинда бўлиб ўтган  сессияларида масаланинг мана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурида, жумладан, экспортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг барқарор фаолиятини ташкил этиш, қолаверса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш устувор вазифалардан этиб белгилангани эътиборга моликдир.

Таъкидлаш лозимки, дастур ижроси  бўйича бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг муҳими, бу жараён изчиллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, Юртбошимизнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам инқироз шароитида тадбиркорлик билан шуғулланишни рағбатлантиришга мўлжаллангандир. Зеро, халқаро тажрибадан маълумки, айнан кичик бизнес жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этишда энг самарали восита, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг даромадлари ошиб боришининг муҳим омили ҳисобланади.

Шу маънода, Инқирозга қарши чоралар дастурининг Тошкент вилоятида изчиллик билан ижро этилиши алоҳида аҳамиятга эгадир. Негаки, вилоятда мамлакатимизнинг йирик саноат корхоналари фаолият юритади. Уларнинг барқарор ишлашига эришиш, мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини яратиш, аҳоли бандлигини оширишга кўмаклашадиган қўшимча йўналишларнинг ривожланишига қулай шароит ҳамда инвестицион муҳит барпо этиш  вилоят иқтисодиётида муҳим  ўрин тутади. Инқирозга қарши чораларнинг маҳаллий дастурини ишлаб чиқишда айнан ушбу масалага алоҳида эътибор берилди.  Чунончи, ҳудудий бандлик дастури ва иқтисодий инқирозни юмшатишга қаратилган қўшимча йўналишлар бўйича 66990 та янги иш ўринлари яратилади. Ўз навбатида, ҳудудий инвестиция дастурига кирган йирик лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга ошириб, ҳаётга жорий этиш, қулай ва қўшимча имкониятлар яратиш орқали 4768 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш вилоят омилкорлари зиммасидаги муҳим вазифалардандир. Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган манзилли лойиҳаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватларидан самарали фойдаланилишини ташкил этиш, бунда, айниқса, йирик саноат корхоналарида инновация ва техник модернизациялаш таомилларини кенг қўллаш лозим бўлади.

Шу ўринда айтиш жоизки, Дастурда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.   Бу чора-тадбирлар аниқ самара бериб, молиявий таназзул шароитида вилоят иқтисодиётида ўсиш бўлишини таъминлаётир. Жумладан, 2009 йилнинг биринчи чораги давомида ялпи ҳудудий маҳсулот 106,4 фоизни, саноат маҳсулотлари ҳажми 110,2 фоизни, халқ истеъмоли моллари 107,6 фоизни, қишлоқ хўжалик ялпи маҳсулоти етиштириш 107,0 фоизни, капитал қўйилмалари ҳажми 117,6 фоизни, қурилиш ишлари ҳажми 114,3 фоизни, чакана савдо айланмаси 117,8 фоизни ва пуллик хизматлар ҳажми 124,3 фоизни ташкил қилган.

Бундан ташқари, Дастурни сўзсиз бажаришда вилоят фаолларининг жонбозлиги, фидойилиги катта аҳамиятга эга. Чунки улар бевосита халқ билан ишлайди — бири маҳалла оқсоқоли, бири корхона директори, яна бири  тадбиркор. Бироқ вилоят халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг 21 тасида ўтказилган (6 та шаҳар ва 15 туманда) сессиялар, доимий  комис­сиялар раислари ҳамда аъзолари ҳисобланган депутатлар билан ўзаро мулоқотлар бу борада қилиниши лозим бўлган талай ишлар борлигини кўрсатди.

— Депутатлик нафақат масъулиятли вазифа, — дейди Сенат ишчи гуруҳи раҳбари Бахтиёр Иминов. — Балки, у халқнинг ишончини қозонган, унга лафз берган шахс ҳамдир. Шунинг учун ундан ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиш, ҳудудда кечаётган ислоҳотларда, ўзгаришларда  фаол қатнашиш, ташаббускор бўлиш  талаб этилади. Аммо айрим депутатларнинг бундай масъулиятли вазифага юзаки қараётгани ачинарлидир.  Таассуфки, улар нафақат ўзи аъзо бўлган доимий комиссияга тааллуқли масалалар, шу билан бирга, туманнинг иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларидан ҳам мутлақо бехабар.

Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган дастурини муҳокама қилиш жараёнида айрим депутатларнинг муҳокамага қўйилган масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари йўқлиги кишини ташвишлантиради. Ваҳоланки, бир қатор Кенгашларда илгари сурилаётган ташаббуслар, таклифлар эътиборга молик. Масалан, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари инқирозга қарши курашиш дастурида экспортга маҳсулот тайёрлайдиган мамлакат корхоналарини янада қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча имтиёзлар ва енгилликлар бериш ҳамда ишлаб чиқариш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган субъектларга солиқ имтиёзлари бериш масалаларини янада кучайтириш борасида таклифлар киритишди. Бу таклифлар ана шу ҳудуднинг имконияту салоҳиятидан келиб чиқиб билдирилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Мустақил фикрлайдиган, мулоҳаза юритадиган, жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган, энг муҳими, ўзлигини англаган ҳар қандай инсон юрт келажаги учун қайғуриши, табиий. Чунки у ўзининг тақдирини миллат тақдири билан боғлайди. Унингсиз ҳеч ким эмаслигини ҳис қилади. Асли ҳақиқат ҳам — шу. Зотан, юртимиз тараққий топса, гуллаб-яшнаса фарзандларимиз баркамолликка эришади, хал­қимизнинг янада тўқ ва  фаровон яшаши таъминланади. Бунинг учун ҳар биримиздан ўз ишимизга масъуллик ва фаоллик билан ёндашиш талаб этилади. Шундагина молиявий бўҳрон аталмиш инқироз мамлакатимиз иқтисодиётига раҳна сололмайди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 20 май )

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati