Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 19 май

Ҳамжиҳатлик - иқтисодий инқирозни бартараф этишнинг муҳим омилидир

Жамиятда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар ҳар бир инсонни ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундаши табиий ҳол. Айниқса, ҳозирда дунёнинг қатор давлатларини саросимага солаётган иқтисодий инқироз кўпчилигимизни ташвишлантирмоқда. Ҳар бир киши  бу ҳақда эшитибоқ сергак тортади, ўзининг моддий таъминотини, оиладаги мавжуд иқтисодий номутаносибликларни чамалаб кўради. Ниманидир тежайди ва яна ниманингдир баҳридан кечади.

Президентимиз Вазирлар ­Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлисидаги маърузасида масаланинг мана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратди. ­Қатъий тежамкорлик тизимини жорий этиш, аслида, нафақат корхоналар, балки фуқароларимиз учун айни заруратдир. Шу боисдан ҳам Олий Мажлис Сенатининг ўн ­саккизинчи ялпи мажлисида
2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан сенаторлар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари,  уларнинг доимий комиссиялари, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, маҳаллий дастурларни ишлаб чиқиш ва ижро этишда депутатларнинг масъуллигини ошириш лозимлигини қайд этишди. Айниқса, сайловчилар билан учрашувларда мамлакатимизда инқирозга қарши олиб борилаётган ишларнинг мазмуни,  бажарилиши зарур бўлган ишлар борасида тушунтириш олиб бориш кераклиги таъкидланди.

Мамлакатимиз парламентининг юқори палатасида муҳокама этилган ушбу масала бугунги кунда республикамиздаги барча туман, шаҳар кенгашларида кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Бухоро вилояти туман ва шаҳар ­кенгашлари сессияларида инқироз оқибатларини енгиллаштириш, ­бундай шароитда аҳолини ижти­моий ҳимоялашга жиддий эътибор ­қаратиш зарурлиги қайд этилди.

— Бугун инқирозга қарши мамлакатимизда бажарилаётган тадбирлар кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибди, — дейди Пешку тумани кенгаши депутати
Ш. Амонов. — Чунончи, пешкуликлар ҳам жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг юзага келиш сабаблари, туман ­шароитида уни ҳал этиш юзасидан атрофлича мулоҳаза юритишмоқда. Қолаверса,  улар бу борада тегишли ахборотларга ҳам эга бўлмоқдалар. Албатта, бунда Президентимизнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” асари дастуриламал бўлаётганини эътироф этиш керак. Пешкуда ҳам масалага шу асарда белгилаб берилган вазифалардан, қолаверса, 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастуридан келиб чиқиб ёндашилаётганини таъкидлаш жоиз. Зеро, молиявий таназзул шароитида тумандаги 2299 та корхонанинг барқарор ишлашига эришиш, экспорт учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш айни муддаодир. Бу саъй-ҳаракатларнинг самараси туман ҳаётида ўз аксини топмоқда. Жумладан, жорий йилнинг  биринчи чорагида 399 та, шу жумладан, Бандлик дастури доирасида 157 та, Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида 37 та иш ўрни яратилди. Ҳудудга жами 3,3 млрд. сўмлик инвестициялар жалб этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 144,1 фоизни ташкил этгани қувонарлидир. ­Пухта ўйланган бюджет сиёсати ва тежамкорлик эвазига маҳаллий бюджет даромади режаси 102,1 фоизга ­бажарилди.

Суҳбатдошимизнинг фикрига кўра, яқинда бўлиб ўтган туман кенгаши сессиясида доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари фао­лиятида туб ўзгариш қилиш, дастур ижросини таъминлашда уларнинг масъулиятини ошириш, ҳар бир депутатнинг вазифаларини белгилаш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш  бўйича таклифлар билдирилди. Ҳар бир ҳудудда жорий йил охиригача мева, сабзавот ва полизни қайта ишлайдиган минитехнологияларни ишга тушириш ва минерал ўғит сотиладиган шохобчаларнинг сонини кўпайтиришга алоҳида урғу берилди.

Вилоятда Инқирозга қарши ­чоралар дастурининг ижросини сўзсиз таъминлашда барча бўғинларнинг баҳамжиҳат иш юритиши, айниқса, масалани асосий ижрочиларга тушунтиришга алоҳида эътибор берилди. Шу сабабли, барча туман ва шаҳар кенгашлари доимий комиссиялари Инқирозга қарши чоралар дастури юзасидан ўз режаларини ишлаб чиқишган.

— Туманимизда 11 та қишлоқ ва 44 та маҳалла фуқаролар йиғини, 2369 та корхона мавжуд, — дейди Вобкент тумани кенгаши депутати Т. Авезов. — Демак,  барча комиссиялар, ҳар бир депутат молиявий таназзулга қарши республикамизда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ишлаб чиқилган дастурнинг мазмун-моҳиятини вобкентликларга етказиши лозим. Бундан ташқари, корхоналарни модернизация қилиш, жумладан, уларни замонавий технология­лар билан таъминлаш ва шу орқа­ли маҳсулот сифатини, рақобатбардошлигини ошириш юзасидан жонкуяр, фидойи бўлиши ҳам талаб этилади. Айниқса, доимий комиссиялар тумандаги корхоналарга қулайликлар яратиш учун тегишли таклифлар билан чиқиши айни заруратдир. Шу мақсадда ҳар бир йиғилишимизда, учрашувларимизда маҳаллий корхоналар вакилларини таклиф этаяпмиз. Хусусан, туман кенгаши сессиясида турли ташкилотлар ҳамда корхоналардан вакиллар қатнашди. Масалаларнинг улар билан биргаликда муҳокама этилиши, табиийки, тадбиркорликнинг ривожига  тўсиқ бўлиб турган айрим муаммоларни ўз жойида ҳал этишга шароит яратаётир.  

  Бир сўз билан айтганда, ­Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинаётган Фармон, қарор ва ­бошқа меъёрий ҳужжатларни амалда қўллаш иқтисодий инқирознинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар орқали туман иқтисодиётида ижобий силжишларга эришилаяпти. Айниқса, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 139,1 фоиз, қурилиш ишларида 103,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда 107,3 фоиз, чакана савдода 116 фоиз, пуллик хиз­матда 107 фоиз, маиший хизматда
106 фоиз,  хизмат кўрсатиш ва сервисда 110,5 фоизни ташкил қилди. Зеро, ҳар қандай инқироз соҳалардаги ўсишлар, ўзгаришлар орқали бартараф этилади.

Суҳбатдошларимиз эътироф этганидек, молиявий таназзулнинг салбий оқибатларини камайтиришда ҳар бир ҳудудда унга қарши оқилона тадбирлар қўллашнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, барчанинг ушбу масалага масъуллик билан ёндашиши, қуйи бўғинларда, жумладан, туман, шаҳар кенгашларида депутатлар фаоллигини янада ошириш, уларнинг фуқаролар ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориши дастурнинг ­самарали ижро этилишига, энг муҳими эса, мамлакатимизда молиявий-иқтисодий инқирознинг енгил ўтишига замин яратади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 19 май )

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati