Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 15 май

ҚАЙТА ТИКЛАНАДИГАН МАНБАЛАР – ЭНЕРГЕТИКАНИНГ КЕЛАЖАГИ

Куни кеча Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда ташкил этилган «Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш – келажакдаги энергетика барқарорлиги гарови» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
XX асрда, айниқса охирги 40 йил мобайнида, инсониятнинг иқтисодиётни ривожлантириш мақсадларида энергияни истеъмол қилиши анча ошди. Қазиб олинадиган ёқилғи турлари – нефть, табиий газ, кўмир ва бошқалар яқин келажакда ҳам жаҳон энергетика балансининг асоси бўлиб қолаверади, қазиб олинган ва ишлатилган сари йилдан-йилга камайиб бораверади.
Энергия билан таъминлашнинг вужудга келган анъанавий усуллари шароитида иқтисодиётнинг янада ривожланиши ҳамда аҳоли сони кўпайиб бориши энергетика ресурсларини ишлатиш тегишлича кўпайишига ва, шунинг оқибати ўлароқ, атроф-муҳитга салбий таъсирнинг кучайишига олиб келмоқда. Олимлар ва мутахассисларнинг фикрича, кузатилаётган глобал илиш жараёнлари ва бошқа табиат аномалиялари кўп жиҳатдан органик ёқилғи турларидан фойдаланадиган иссиқлик электрстанциялари, саноат корхоналари ишлашидан ҳосил бўладиган газларнинг, шунингдек ички ёниш двигателларидан чиқадиган ишлатилган газларнинг атмосферага чиқариб ташланиши билан боғлиқ. Холбуки, углеводород хом ашёсини тежаш ва табиатнинг экологик ҳолатини яхшилаш қайта тикланадиган муқобил энергия манбаларидан фаол фойдаланиш йўли билан таъминланиши мумкин. Мазкур энергия турларининг афзаллиги шундаки, улар углеводород ресурсларини электр токи ишлаб чиқариш мақсадида шунчаки ёқиб юбориш ўрнига, улардан нефть кимёси саноатида фойдаланиш учун бу ресурсларни бўшатиб олиш имконини беради. Мана шу ҳолатларни ҳисобга олганда, қайта тикланадиган энергия яқин истиқболда узоқ ва бориш қийин бўлган туманларда жойлашган аҳоли пунктлари учун иқтисодий жиҳатдан асосланган, ҳаммабоп ва ишончли энергия манбаига айланиши мумкин.
Муқобил энергия турлари, чунончи геотермал энергиянинг, қуёш, сув, шамол ва биомасса энергиясининг (шу жумладан, маиший чиқиндиларни утилизация қилишдан олинадиган энергиянинг) имкониятлари илмий-амалий конференция қатнашчилари томонидан муҳокама қилинди. Конференциядан кўзланган мақсад анъанавий энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган асосли тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда қайта тикланадиган ноанъанавий манбаларни янада ривожлантириш йўлларини белгилашдан иборат бўлди.
Конференцияда қайд этилганидек, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Эко-энергия” илмий-жорий этиш маркази ҳамда айрим корхоналар томонидан шамол ва фотоэлектр станцияларини, шунингдек бир қатор бориш қийин бўлган туманлар ва қишлоқ жойларда муваффақият билан фойдаланиб келинаётган биогазэлектр қурилмаларни яратиш ва ишлаб чиқариш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Тегишли қонунчилик базаси яратилди. Ана шу база асосида ноанъанавий энергия манбаларини яратиш ва жорий этишга қаратилган дастурларни амалга ошириш борасида режали ишлар олиб борилмоқда.
Илмий-амалий конференция қатнашчилари қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилдилар, Ўзбекистонда бу ишларни янада кенгайтириш концепциясини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида фикр билдирдилар, бу соҳада қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифларни киритдилар.

Конференция ишида сенаторлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, олимлар, БМТ Тараққиёт Дастури, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 15 май )

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati