Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 12 февраль

ҚИШЛОҚ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ФАРОВОНЛИГИ – ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов Конституциямиз қабул қилинганлигининг ўн олти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаб айтдики, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишини таъминлаш энг асосий вазифадир. Айни ана шу устуворликлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Инсон тараққиёти концепциясига уйғунлашиб, вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органлари олдида турган вазифаларнинг умумий йўналишини белгилаб бермоқда.
2009 йил мамлакатимизда Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан белгилаб олинган Ҳаракат дастурини амалга оширишда вакиллик ҳокимияти маҳаллий органларининг – халқ депутатлари Кенгашларининг минтақаларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришни таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари алоҳида аҳамият касб этади. Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси билан биргаликда ташкил этилган икки кунлик семинар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат бошқарув тизимидаги, Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларнинг кўламдор дастурларини амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти муҳокамасига бағишланди.
Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлигига оид чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ташаббуслар орасида соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ва маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш, атроф муҳит ҳолатини яхшилаш масалалари, табиий ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги билан боғлиқ масалалар муҳим устувор аҳамиятга эга. Буларнинг ҳаммаси моҳият эътибори билан инсон камолотига, унинг маънавий ҳамда моддий талаб-эҳтиёжларини қаноатлантириш учун яхши шароитлар яратишга қаратилган Инсон тараққиёти концепциясига батамом мос ва мувофиқдир.
Интерактив шаклда ўтказилган машғулотлар асносида семинар иштирокчиларига Инсон тараққиёти концепциясининг моҳияти ҳақида, ҳозирги босқичдаги глобаллашув муаммолари, вакиллик ҳокимияти маҳаллий органларининг минтақавий ривожланиш дастурларини амалга ошириш борасидаги вазифалари хусусида атрофлича ахборот берилди. Аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг минтақаларни Ўзбекистоннинг устуворликлари асосида 2010 йилга қадар бўлган даврда ривожлантиришга йўналтирилган стратегияси мамлакат Ҳукумати томонидан жадал тарзда амалга оширилаётганлиги ҳам қайд этиб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари Инсон тараққиётининг турли қирра ва жиҳатлари билан боғлиқ масалаларда минтақавий бўғин кадрларининг ҳуқуқий ҳамда иқтисодий билимларини ошириш муҳим эканлигига алоҳида урғу бердилар. Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ҳам шу хилдаги семинарлар ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди.

Семинар ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органларининг раҳбар ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси, БМТ Тараққиёт дастури, бир қанча нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 12 февраль)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov