Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 10 июнь

Шаҳрисабзда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси “Одам савдоси — замонамизнинг глобал муаммоси” мавзуида семинар ўтказди.

Таъкидланганидек, одам савдоси инсонга, унинг ор-номуси, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига таҳдид солувчи трансмиллий уюшган жиноятчилик турларидан биридир. У барча давлатлар ва хал­қаро ташкилотларни қаттиқ ташвишга солмоқда. Чунки у чегара танламаётир ва ўз гирдобига, асосан, аёллар ҳамда ёшларни тортмоқда. Бу жиноят меҳнат қилишга мажбурлаш, қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий можароларда фойдаланиш, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш каби оғир оқибатларга олиб боради. Шу куннинг воқелиги уюшган трансмиллий жиноятчилик хорижий мамлакатлар учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам бирдай таҳдидли эканлигини янада чуқурроқ англаш, жиноятчиликнинг ҳар қандай турига, хусусан, одам савдосига қарши курашишда манфаатлар муштарак бўлиши зарурлигини тасдиқламоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, 2008 йилда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ана шу жиноятчиликдан жабрланганлардан мингга яқин ариза тушган. Улар бўйича 670 та жиноят иши қўзғатилган. Тергов натижаларига асосан, 287 нафар киши устидан суд ҳукми чиқарилди.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар трансмиллий жиноятчилик эканлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасида қисқа муддат ичида бундай жиноятларга бар­ҳам беришга доир норматив-ҳуқуқий база яратилди. Мамлакатимиз одамларни яширинча олиб чиқиб кетишга қарши курашишга ва бу жиноятчиликдан жабрланганларни ҳимоя қилишга қаратилган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. Мустақиллик йиллари мобайнида уюшган жиноятчиликнинг ўта хавфли турларига, шу жумладан, одам савдосига қарши курашиш соҳасида бошқа давлатлар билан 29 та шартнома ва битим имзоланди.
Шу билан бирга, семинар иштирокчилари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини янада яхшилаш, одам савдосига имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароит­ларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш зарурлигини таъкидладилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 10 июнь )

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati