Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 8 октябрь

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёни” мавзуида амалий семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчилари учун уюштирилган ушбу тадбирда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратураси вакиллари иштирок этишди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли ижобий натижаларга эришилмоқда. Истиқлол йилларида судлар ихтисослаштирилди, апелляция ва ярашув институтлари киритилди, суд кадрларини танлаш ва тайинлашнинг янги механизмлари жорий этилди ҳамда жиноий жазолар босқичма-босқич либераллаштирилди. Айниқса, 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилинганлиги ҳамда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилганлиги ушбу тизимни ислоҳ қилишда туб бурилиш ясади. Бундан ­ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди.
Анжуманда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида прокуратура органларининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Айтиб ўтилганидек, қонун ­устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонуний ман­фаат­лари ҳамда Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини муҳофаза қилиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш соҳасида прокуратура органлари томонидан муҳим тадбирлар амалга ошириб келинаётир. Айни пайтда прокуратура органлари вазирлик ва идоралар, давлат бошқаруви ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ҳокимлик ва мансабдор шахс­ларнинг қонунларни қандай ижро этаётганлиги юзасидан назорат ишларини олиб бормоқдалар. 
Шунингдек, йиғилишда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштиришга қаратилган қонун ижодкорлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 52-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун ушбу фаолият самараси сифатида эътироф қилинди. Айтиш лозимки, мазкур Қонун фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлайди. Шу билан бирга, у адвокатура институтининг мақоми ва ролини ошириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Семинарда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ­ишлаб чиқилди.

 

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 8 октябрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati