Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 6 декабрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЙИГИРМАНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА АХБОРОТ

Парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги Қарори бажарилишининг бориши ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Мажлисда қайд этиб ўтилдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий стратегия­сини амалга ошириш, Ўзбекистонда қабул қилинган ислоҳотлар ва модернизациялашнинг ўз моделини изчил рўёбга чиқариш, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларининг олдини олиш ҳамда унинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида қўйилган дастурий вазифаларнинг бажарилиши иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатлари сақланиб қолишини таъминлади. 2009 йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари 9,1 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 13,7 фоизга,  қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш 3,3 фоизга, хизматлар кўрсатиш 15,8 фоизга ошди. Мамлакатимиз экспортчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилиб, экспорт қилинаётган маҳсулотлар номенклатураси  ва экспорт бозорлари географияси кенгайди, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 2,3 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ бўлиши таъминланди.

Инқирозга қарши чоралар дастурини бажаришда маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига масъулиятли вазифалар юклатилган бўлиб, улар белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда фаол ва бевосита қатнашишлари керак.

Сенатнинг 2009 йил 27 мартдаги мазкур Қарори бажарилишини ўрганиш шуни кўрсатдики, умуман олганда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ишида 2009 йил апрель ойидан бошлаб бу йўналишда ижобий силжишлар кўзга ташланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ва уларнинг доимий комиссиялари мажлисларида инқи­розга қарши чораларнинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилиши учун жавобгар бўлган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботлари тинглаб борилмоқда.

Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишда маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари билан давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий органлари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлаш ҳамда фаолиятни мувофиқлаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кўпчилик ҳолларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари инқирозга қарши комиссиялар таркибига киритилган.

Ўтган давр мобайнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлик гуруҳларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш доирасида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган масалаларни кун тартибига қўйиш борасидаги ­фаолияти кучайди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ишида маҳаллаларнинг аҳолиси билан ўтказилган учрашувлар якунлари бўйича ташкилотларга сўровлар юбориш каби иш усулидан тобора самарали фойдаланилмоқда. Сенат мажлисида депутатлик сўровларида кўтарилган масалаларни ҳал қилиш натижасида Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, иш ўринлари яратиш, хусусий корхоналарга имтиёзли кредитлар ажратиш, кўп қаватли уйларни капитал таъмирлашни тугаллаш, аҳоли пункт­ларини газлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан амалий ёрдам кўрсатилганлиги ҳақида аниқ мисоллар келтирилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг доимий ­комиссиялари билан халқ ­депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг соҳалар бўйича доимий комиссиялари ўртасида ҳамкорлик қилиш механизми йўлга қўйиб борилмоқда. Андижон, Бухоро, ­Навоий, Наманган, Самар­қанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари маҳаллаларнинг фаолларини, таълим муассасаларининг ходимларини жалб этган ҳолда, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсир кўрсатишининг олдини олиш ҳамда унинг оқибатларини юмшатиш юзасидан давлатимиз томонидан кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Депутатларнинг ўз депутатлик вазифаларини бажаришлари учун масъулиятини оширишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Масалани муҳокама қилиш асносида сенаторлар Сенатнинг юқорида кўрсатиб ўтилган Қарорини амалга ошириш борасида айрим халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссия­­ларининг фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирдилар, шунингдек, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурида назарда тутилган тадбирларни сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллигини янада ошириш юзасидан қатор тавсиялар ишлаб ­чиқдилар.

Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2009 йил 25 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди таркибларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси вазифасига тайинлаш тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси вазифасига тайинлаш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Икки кун давом этган мажлисда 20 дан ортиқ масала, шу жумладан, амалга оширилиши демократик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда, одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўладиган 13 та қонун кўриб чиқилди.

Шу билан Ўзбекистон ­Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати
ЎзА

(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 6 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati