Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 5 декабрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ЙИГИРМАНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА АХБОРОТ

Шу йил 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг ­Раиси И. Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқишдан бошладилар. Сенаторлар мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати макроиқтисодий барқарорликни ва ялпи ички маҳсулотнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, модернизацияланган, диверсификация қилинган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар.

2010 йилги Давлат бюджети Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ­Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Давлатнинг 2010 йилги солиқ сиёсати хўжалик юритувчи субъектлар зиммасига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга, фуқароларнинг даромадларини кўпайтиришга ҳамда уларнинг харид қобилиятини оширишга, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва такомиллаштиришга, микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг мақбул базавий ставкасини ўрнатишга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар учун қатъий белгиланган солиқ миқдорларини бир хиллаштиришга қаратилади. Масалан, ҳисоб-китобларга қараганда, юридик шахслардан олинадиган фойда  солиғининг амалдаги 10 фоизлик базавий ставкасини 9 фоизга тушириш 2010 йилда хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 52 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қолдирилишига имкон беради, бу маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналарни модернизация қилишни, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашни тезлаштириш учун шароит яратади.

Аҳоли турмушини янада яхшилаш мақсадида келгуси йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси солиқ солишнинг биринчи шкаласи бўйича 12 фоиздан 11 фоизга пасайтирилади. Шу билан бирга, солиқ солинадиган даромадни олий ўқув юртларида таълим олиш учун тўланадиган, шунингдек, Халқ банкидаги фуқароларнинг жамғариб бориладиган шахсий ­пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий равишда ўтказиладиган маблағлар суммаси ­миқдорида камайтириш тарзидаги қўшимча имтиёзларни жорий этиш назарда ­тутилмоқда.

Сенаторлар 2010 йилги Давлат бюджети ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қилинадиган харажатлар улушини 2009 йилдаги 55,6 фоиздан 2010 йилда 59,1 фоизгача кўпайтиришни назарда тутаётганлигини кўрсатиб ўтдилар. Ушбу ҳужжатда соғлиқни сақлаш, таълим, ночор аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларини молиялашни кўпайтириш, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, ­нафақаларни ошириш назарда тутилган. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги ­Давлат бюджети сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини кўриб чиқиб, тасдиқладилар. Дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг бандлиги, даромадлари ва турмуш даражаси ўсишини таъминлаш, меҳнат бозорида иш кучига бўлган талабни ошириш учун республика ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларининг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалаларини амалий ҳал қилишдаги масъулиятини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Сенаторлар Дастурнинг прогноз кўрсаткичлари меҳнат бозорига биринчи марта чиқаётган ёшларни ва иқтисодиётдаги таркибий қайта ўзгартишлар натижасида бўшаб қолаётган ходимларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларига бўлган талабни, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича барча мавжуд имкониятлар ва захираларни баҳолашдан келиб чиқиб белгиланганлигини кўрсатиб ўтдилар.

Дастурда 2010 йилда Инвестиция дастурини, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурларини амалга ошириш, кичик корхоналар, микрофирмалар очиш ҳамда хусусий тадбиркорликни, касаначиликни ривожлантириш, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларини кенгайтириш ҳисобига 950 мингта янги иш ўринларини яратиш назарда тутилмоқда.

Шундан кейин парламент юқори палатаси аъзолари ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган «Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбе­кистон Республикаси Қонуни шулар жумласидандир. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларига сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, суғориладиган ерларнинг мелио­ратив ҳолатини яхшилаш ҳамда унумдорлигини оширишга, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этишга, шунинг­дек, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш билан шуғулланиш учун шароитларни мақбуллаштиришни ҳамда хўжаликларнинг ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда, фермер хўжалигини юритиш учун бериладиган ер участкасининг энг кам майдонини кўпайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга, солиқ мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланмаган ҳолда фаолият юритганлик ва тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилишни рад этганлик учун молиявий жавобгарлик белгилайди. Солиқ солинадиган жами даромаддан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун тўланадиган маблағларни, шунингдек, Халқ банкидаги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларни чегириш тарзида жисмоний шахслар учун қўшимча имтиёзлар киритилмоқда. Корхоналарнинг ҳомийлик ва хайрия фаолиятини рағбатлантириш мақсадида юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги бадаллари, маблағлари суммаси миқдорида, лекин кўпи билан икки фоизга камайтирилиши белгилаб қўйилмоқда. Қонунда Солиқ кодексининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлашга қаратилган аниқлик киритиш ва тушунтириш тарзидаги бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

Ушбу Қонунни ривожлантириш тарзида сенаторлар «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам маъқулладилар. Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, Қонун билан органлар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш тартиби бузилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Қонунга мувофиқ, мазкур тоифадаги маъмурий ишларни кўриш давлат солиқ органларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва ­жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига ва унинг жойлардаги бўлинмаларига тааллуқли қилиб қўйилмоқда.

Сенаторлар «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ бошқа қонун ҳужжатларидаги атамаларни мазкур қонунлардаги атамалар билан бир хилда қўллаш мақсадида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар мазкур Қонун жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, ҳақиқатни аниқлаш, қонунийлик ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини амалга оширишга йўналтирилганлигини кўрсатиб ўтдилар. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарларни кўриб чиқиш муддати прокурор томонидан суриштирувчи ёки терговчининг асослантирилган қарорига кўра бир ойгача узайтирилиши мумкинлигини назарда тутадиган ўзгартишлар киритилаётганлигини таъкидладилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш чоғида қайд этилганидек, ушбу Қонун Ўзбекистон Республи­каси Президентининг 2009 йил 28 июлда қабул қилинган ­«Тижорат банкларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини бажариш юзасидан ишлаб ­чиқилган.

Қонуннинг асосий мақсади тижорат банклари учун молиявий восита сифатида облигация­ларни кенг кўламда чиқаришнинг қонунчилик базасини яратишдан иборат. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши молиявий ресурсларни узоқ муддатли асосда жалб этиш учун банкларга қулай шароитлар яратиб беради, бу эса мазкур маблағларни иқтисодиётнинг реал секторидаги лойиҳаларга самарали инвестициялаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар «Ўзбе­кистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низомни ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тавсифини тасдиқлаш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу Қонун «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилиб, қабул қилинганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низомни ва унинг тавсифини тасдиқлашни назарда тутиши қайд этилди. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низом Фахрий ёрлиқ билан мукофотланиши мумкин бўлган субъектларни аниқлаб қўяди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки шу қийматдаги эсдалик совғаси берилишини назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг тавсифи Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғининг ўлчамини, рангини, тасвирларнинг моҳиятини ва бошқа тегишли маълумотларни белгилайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.  

Сенаторлар аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини амалда таъминлашни ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгилайди. Шу жумладан, ушбу модда одамлар соғ­лиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келган, атроф табиий муҳитга ва одамлар ҳаётига таҳдид солган  ҳуқуқбузарлик учун, фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги ахборотни яширганлик, ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки фавқулодда вазиятлар ҳақида атайин сохта ахборот тақдим этганлик учун ҳам жавобгарликни назарда тутади.

Қонун билан бу ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартиби ҳам белгиланган. ­Сенаторлар Қонунни маъқул­ладилар.

Кун тартибига киритилган ­бошқа бир қатор қонунлар ҳам Сенат аъзолари томонидан кўриб чиқилди.    

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати йигирманчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати
ЎзА

(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 5 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati