Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 5 декабрь

ИНСОН МАНФААТЛАРИ, ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ЙЎЛИДА

Хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати йигирманчи ялпи мажлисининг биринчи иш кунида сенаторлар қатор қонун ҳужжатларини муҳокама этишди. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш жараёни, айниқса, қизғин кечди.

Зеро, ушбу ҳужжатлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Танаффус пайтида мухбиримиз билан суҳбатда бўлган сенаторлар ҳам масаланинг шу жиҳатига урғу беришди. 

— Республикамиз иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги, умуман, деҳқончиликнинг ўрни ниҳоятда катта, — дейди сенатор А. Эсиргапов. —Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг салкам 30 фоизи айнан қишлоқ хўжалигига тўғри келиши ҳам бунинг тасдиғидир. Бозор иқтисодиёти шароитида ушбу соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ишлаб чиқаришни ривожлантириш, зарурий тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши ва амалга оширилишига замин яратади. Шу боисдан бу масалага 2010 йилги «Бюджетнома»да алоҳида эътибор берилган.

Сир эмас, мамлакатимизда қишлоқ хўжалик экин­лари, асосан, суғориладиган ерларда етиштирилади. Шу сабабли қишлоқ хўжалигини ўз вақтида ва етарли миқдорда сув билан таъминлашга зарурат катта. 2010 йилда сув хўжалиги иншоотларини сақлаш, фойдаланиш ва уларни доимий ишга тайёр ҳолатда тутиш тадбирлари учун ҳам Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши кутилмоқда. Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ­томонидан ушбу мақсадларга 2010 йилда 150 млрд. сўм маблағ йўналтириш белгиланаётир.

Бу маблағлар ҳисобига келгуси йилда жами 89 та мелиоратив объект қурилади ва реконструкция қилинади. Мазкур йўналиш бўйича 65,8 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Жумладан, 603,9 км. узунликдаги коллекторларни, 200 дона мелиоратив, 205 дона вертикал дренаж қудуқни ҳамда 13 дона мелиоратив насос станциясини таъмирлаш ва қуриш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, 201,5 км. ёпиқ-ётиқ дренаж тармоғини тиклаш ҳамда 5 та гидроиншоот қуриш мўлжалланмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини етарли миқдорда сув билан таъминлашга хизмат қилади.

— Бугун сенаторлар муҳокама этган масалаларнинг аксарияти халқимизнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, иқтисодиётимизнинг барқарорлигини таъминлаш, аҳолини иш билан банд қилишга ҳамда жойларда инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилгандир, — дейди сенатор
Ҳ. Муҳамедов. — Жумладан, Давлат бюджети параметрларида бу борада кўплаб янги ижти­моий-иқтисодий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Масалан, 2007 — 2010 йилларда ва узоқ муддатли истиқболда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари қурилишини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 2010 йилда Республика йўл жамғармаси маб­лағлари ҳисобидан кенг ҳажмдаги  автомобиль  йўллари  қуриш, реконструкция қилиш ҳамда тегишли техникаларни харид қилиш мўлжалланаётир. Шу билан бирга, Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини рўёбга чиқаришга Осиё ­Тараққиёт банкининг имтиёзли қарз маблағлари йўналтирилади. Пировардида худди мана шу дастурларни бажариш мақсадида 6 мингдан зиёд янги иш жойлари барпо этилади.

— Қўмитамиз сенаторлар муҳокамасига бир неча долзарб қонунларни киритган, — дейди сенатор П. Мустапов. — Чунончи, «Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбе­кистон Республикаси Қонуни шулар жумласидан. 

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёш авлод  ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Шу боисдан мус­тақиллик йилларида мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига доир юздан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди, болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид 38 та халқаро ҳужжат ­имзоланди.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган давлатимиз қонунчилик тизими халқаро ҳуқуқнинг энг илғор демо­кратик нормаларини ва тамойилларини ўзида мужассам этган. Бугун сенаторлар муҳокама қилган ҳамда маъқуллаган «Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбе­кистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон ­Республикаси Қонунида вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишга, уларнинг ҳуқуқларига ноқонуний тажовуз қилишга қарши курашнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор ­берилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар замирида, аввало, ­Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллиги мужассамдир. Айни пайтда, уларнинг самарали ва бекаму кўст рўёбга чиқарилиши эл ­фаровонлигига, юрт равнақига хизмат қилади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 5 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati