Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 4 декабрь

Ватан равнақи, эл саодати

бугун Тошкент шаҳрида очиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида муҳокама этиладиган масалаларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади

— Мамлакатимизда олиб борилаётган ва бугунги кунда изчил давом эттирилаётган оқилона ижтимоий-иқтисодий сиёсат, бу соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ, ялпи ички маҳсулот ҳажми йилдан-йилга узлуксиз ва  сезиларли суръатларда ўсиб бораётир, — дейди парламент юқори палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Исроил ­Эрбеков. — Мамлакатимиз иқтисодиёти, унинг тармоқлари ва реал секторнинг ривожланишида мислсиз ютуқларга эришилмоқда. Табиийки, бу банк-молия тизимининг мустаҳкамланганлиги,  қисқа вақт мобайнида юртимизда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлиги ва Юртбошимиз ташаббуси билан жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий таъсирларининг олдини олиш ва уни юмшатишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилганлиги ҳамда унинг амалга оширилаётганлиги натижасидир.

Куни кеча биз ўз қўмитамизда бош­қа бир қатор ҳужжатлар билан бирга мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати — Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама этдик. Дарҳақиқат, Давлат бюджети параметрларида 2010 йилда макроиқтисодий барқарорликни, ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ва юқори ўсишини таъминлаш, модернизациялашган, диверсификациялашган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, барча ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш, шунингдек, республика ҳукуматининг 2009 йил 13 февралдаги мажлисида Ўзбе­кистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга оширишни  таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланган. Унда иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, солиқ сиёсатидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, ижтимоий соҳани ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш  борасида қатор янгилик ҳамда имтиёзлар мавжуд. Айниқса, аҳоли даромадлари ва турмуш фаровонлигини ошириш бу ҳужжатнинг бош мақсадига айланган. Агар 2009 йилда жисмоний шахс­ларнинг даромади энг кам иш ҳақининг 6 бараваригача бўлган миқдори 12 фоизлик ставка бўйича ­солиққа тортилган бўлса, 2010 йилда бу ставка 1 фоизга камайтирилиб, 11 фоизни ташкил этиши белгиланмоқда.

Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмита­си раиси ўринбосари ­Зокиржон ­Зуннуновнинг фикрича, сенаторлар муҳокама қиладиган 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳам мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Зеро, мазкур ҳужжат Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг изчиллигини таъминлайди. Унга биноан, 2010 йилда 950 мингта иш жойи яратилади. Булар, аввало, инвестиция, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, етакчи тармоқ ва корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турларини изчил бажариш, шунингдек, кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳамда якка тартибдаги тадбиркорликни, касаначилик, халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлаш орқали йўлга қўйилиши дас­турда ўз ифодасини топаётир. Паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бунинг ҳисобига 127,7 минг нафар ҳамюртимиз иш жойига эга бўлади. Жумладан, ҳар бир фермер хўжалигида 200 та парранда етиштириш, ҳар бир туманда камида иккита паррандачилик хўжалигини ташкил этиш каби эзгу мақсадлар дастурда ўз ечимини топмоқда.

Буларнинг барчаси, табиийки, фуқароларнинг Конституция­мизда белгиланган ҳар бир ­шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқини амалда рўёбга чиқаришга, аҳолининг турмушини яхшилашга, фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 4 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati