Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 4 декабрь

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси очилади

Қонун такомиллашуви юрт фаровонлиги ва мамлакат юксалишига хизмат қилади

Табиийки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мамлакат Ҳукумати ҳисобланади ва у ҳокимиятнинг мус­тақил тармоғи — ижро этувчи ҳокимиятга раҳбарлик қилади. Яъни, у мамлакатнинг кундалик ҳаётига оид масалаларни тезкор ҳал қилиш борасида бошқарувни амалга оширувчи ҳамда мамлакат тараққиёти истиқболини белгилашда иштирок этувчи, ушбу вазифаларни бажаришда кенг ваколатларга эга олий коллегиал орган ҳисобланади.

Олий Мажлис Сенати йигирманчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 6-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам, айтиш мумкинки, ижро органи фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

“Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси амалдаги таҳририга мувофиқ, вазирларнинг ўринбосарлари, давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари ҳамда давлат бошқаруви ­бошқа органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Раҳбар ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, давлат бошқаруви органлари ҳайъатлари таркибини аниқлаш масалаларини ҳал этиш ишларини такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Тўпланган тажрибалар шуни кўрсатадики, ҳозирги вақтда давлат бошқарувининг бошқа органлари: агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекцияларнинг раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари белгиланган тартибда келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳам лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг роли кучайиши ва давлат бошқарувининг қатор органлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарларини лавозимга та­йинлаш ва лавозимидан озод этиш, шунингдек, бу органлар ҳайъатлари аъзоларини тасдиқлашга оид аниқлик киритилиши билан боғлиқдир.

Жумладан, вазирларнинг ва Давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга та­йинланади ва лавозимидан озод этилади. Давлат бошқаруви бошқа органларининг раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти томонидан ­лавозимга тайин­ланади ва лавозимидан озод этилади.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда тасдиқлайди. Давлат бошқаруви органлари ҳайъатларининг аъзолари, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари бошқарувларининг аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўйлаймизки, янги Қонун давлат бошқаруви органларининг раҳбар кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш ишини такомиллаштиришда ҳамда ушбу масалаларни оператив ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши, шак-шубҳасиз.

Н. ФАЙЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 4 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati