Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 3 декабрь

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.

Қўмиталарнинг раислари навбатдаги ялпи мажлис ­муҳокамасига киритилаётган қонунлар юзасидан хулосалар ва бошқа масалалар юзасидан қарорлар тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Кенгаш мажлисида таъкидланганидек, Сенатнинг бўлажак ялпи мажлисида йигирмадан ортиқ масалани, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ҳақидаги масалаларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳамда давлат қурилиши ва бошқарувини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқиш мўлжалланмоқда. «Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тўғрисидаги низомни ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи тавсифини тасдиқлаш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласи­дандир.

Навбатдаги ялпи мажлисда, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизими ва халқаро муносабатларга тааллуқли қонунларни кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда. Булар «Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунларнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2009 йил 25 февраль) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларидир.

Бундан ташқари, Сенат ялпи мажлисида Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш ишида маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари ҳамда давлат ва хўжалик бош­қаруви ҳудудий органларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришга доир комплекс чора-тадбирларни бажариш билан боғлиқ бўлган «Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган ­дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори бажарилишининг ­бориши ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенатининг Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Кенгаш ­тегишли қарорлар қабул қилди.

* * *

Шу куннинг ўзида Сенатнинг барча олтита қўмитаси мажлисларида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар. Давлатнинг асосий молиявий ҳужжати макроиқтисодий барқарорликни ва ялпи ички маҳсулотнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, модернизацияланган, диверсификация қилинган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакл­лантириш, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини янада ошириш, мамлакат минтақаларини комплекс ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 февралдаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга оширишни изчил давом эттириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Қўмиталарнинг мажлисларида парламент юқори палатаси аъзолари ялпи мажлисда муҳокама қилинадиган қонунларнинг кўпчилиги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ва суд-ҳуқуқ ислоҳотини янада чуқурлаштиришга, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, қимматли қоғозлар бозорини ва тижорат банклари томонидан облигациялар чиқарилишини янада кенгайтириш учун қонун ҳужжатлари базасини яратишга, халқаро конвенциялар нормаларини ижро этиш муносабати билан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга доир миллий қонунчилик базасини ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётини ривожлантиришга, шунингдек, аҳолини ва ҳудудларни фав­қулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришга йўналтирилганлигини кўрсатиб ­ўтдилар.

Мажлисларда қўмиталарнинг ва сенаторларнинг 2005 — 2009 йиллардаги иш якунлари ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати
ЎзА

(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 3 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati