Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2009 йил 1 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан

Қонун ҳужжатлари такомиллашмоқда

Парламент юқори палатасининг йигирманчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам муҳокама этилиши ­кутилаётир. Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бажарилишини таъминлашни ташкил этиш ҳамда қонун ҳужжатларидаги атамаларни бир хиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу қонунлар амалдаги қонун ҳужжатларига бир қатор қўшимчалар киритади.

 Барчамизга маълумки, табиий офатлар ер куррасида ҳаёт пайдо бўлган пайтдан бери сайёрамиз аҳолисига таҳдид солиб келган. Табиий офатлар кутилмаганда юз беради ва катта майдонларни, бинолар, мулк, коммуникациялар, озиқ-овқат манбаларини бир зумда вайрон қилади. Бугунги кунда мамлакатимизда бундай фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун махсус қутқарув воситалари ва кучлар етарлидир. Янги қонун ана шундай фавқулодда вазиятларда аҳоли ва ҳудудни муҳофазалашга оид қонуний ҳаракатларни тартибга солади.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини янги 2041, 2491-моддалар билан, шунингдек, 245-модданинг биринчи қисмини тўлдириш назарда тутилади. Хусусан, уч қисмдан иборат бўлган 2041-модда аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва айни пайтда фуқаро муҳофазаси соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгилайди. Қолаверса, ушбу модда одамлар соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келувчи, атроф табиий муҳитга ва одамлар ҳаётига таҳдид солувчи  ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутади. Бундан таш­қари, бу турдаги жавобгарлик фав­қулодда вазиятлар тўғрисидаги ахборотни яширганлик, уни ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки фавқулодда вазиятлар ҳақида атайин сохта ахборот тақдим этганлик учун ҳам белгиланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2041-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, 2491-моддага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузадилар. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома эса ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда, кўриб чиқиш учун судга юборилади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, бошқа қонун ҳужжатларидаги атамаларни мазкур қонунларда қўлланилган атамалар билан бир хиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунда  амалдаги қонун ҳужжатларидаги “муддатли хизмат” деган сўзларни “муддатли ҳарбий хизмат” деган сўзлар билан алмаштириш назарда тутилмоқда. Мазкур ўзгартиш “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида “муддатли ҳарбий хизмат”га берилган тушунчадан келиб чиқади. Шундай ўзгартишларни “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритиш таклиф этилмоқда.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9 ва 29-моддалари талабларидан келиб чиққан ҳолда Қонунда “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг айрим моддалари матнидан “прапоршчик” ва “мичман” деган ҳозирда амал қилмаётган ҳарбий унвонларни чиқариб ташлаш ­назарда тутилмоқда.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексидаги “захирага” деган сўзни “резервга” деган сўз билан алмаштириш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиққан ҳолда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларидан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексидан, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомдан “Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита”нинг номи чиқариб ташланмоқда.

Хуллас, мазкур қонунлар фав­қулодда вазиятларда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлаш, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтириш билан бир қаторда, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишининг барқарорлигини янада оширишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Ҳа, юрт тинчлиги ва хотиржамлигидан, осойишта турмуш тарзидан-да улуғ неъмат йўқ.

Ботир Абдураимов,
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2009 йил 1 декабрь)

© 2009 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati