Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

 

Ҳаракатлантирувчи куч

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини сирдарёликлар ана шундай баҳолашмоқда
Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманларнинг Кенгашлари шаклланиб, ўз фаолиятини бошлаганига ҳам уч йилдан ошди. Хўш, улар ўз ваколатларини намоён этишда қанчалик муваффақиятга эришмоқдалар? Аввал хабар қилганимиздек, ушбу масала парламентдаги ҳудудий вакиллик палатаси — Олий Мажлис Сенати томонидан бир неча вилоят мисолида ўрганиб чиқилди.
Мазкур мониторинг парламент юқори палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, шу орқали минтақа ва умумдавлат манфаатларини мувофиқлаштиришга эришиш мақсадида ташкил этилди. Мониторинг натижалари хусусида сенатор Ҳаётхон ОРТИҚБАЕВА қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Барча соҳалардаги ислоҳотларнинг бекаму кўст амалга ошиши кўп жиҳатдан давлат ва аҳоли ўртасидаги узвий алоқаларни таъминлашга хизмат қилувчи бўғин — маҳаллий Кенгашларнинг самарали фаолият юритишига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармон, фармойиш ва қарорларининг жойларда сўзсиз бажарилишини таъминлашда, шунингдек, фуқаролар манфаатларини ифода этиб, уни ҳимоя қилишда, уларнинг муаммоларига ижобий ечим топилишида айнан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳаракатлантирувчи кучга айланмоқда.
Бу борада Сирдарё вилоятида муайян ижобий ўзгаришлар рўй бергани эътироф этилди. Ўтган уч йил мобайнида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн битта сессияси ўтказилиб, уларда минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ташкилот, уюшма ва бошқармалар раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш амалиёти яхши натижалар бермоқда. Депутатлар ҳаётнинг турли жабҳаларига қизиқиш билдирмоқдалар. Жумладан, сессияларнинг бирида вилоят прокурори ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича бажарилган ишлар юзасидан уларга батафсил ахборот берган бўлса, яна бошқа бирида эса меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи касаначиликни ривожлантириш, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтириш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қилинган ишлар хусусида депутатларни хабардор этди. Яна бир сессияда «Маҳалла» жамғармаси бўлими раисининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007-2008 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури»нинг бажарилиши юзасидан ҳисоботи тинг­ланди. Ушбу масалаларнинг барчаси ҳар тарафлама муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 
Сенат билан Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг алоқаларини мустаҳкамлаш доирасида доимий комиссияларнинг вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ тавсияномалари бажариб келинмоқда. Шунингдек, қонунлар, фармонлар ва Кенгаш сессияларида қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш ҳам яхши йўлга қўйилган. Халқ депутатлари Янгиер шаҳар, Оқолтин ва Ховос туманлари Кенгашлари депутатлари фаолияти ижобий томонга ўзгарган.
Биз кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бораяпмиз. Шу маънода маҳаллий Кенгаш депутати аҳолининг мавжуд муаммоларини ҳал этишда уларга ҳақиқий ёрдам қўлини чўзадиган инсон бўлмоғи лозим. Буни эса депутатнинг сайловчилар билан бевосита мулоқотларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сирдарёда бу борада ишлар анча яхши йўлга қўйилган. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси ҳар куни аҳоли тураржойларида фуқароларни қабул қилмоқда. Сайловчилар билан доимий алоқа ўрнатилган, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, шунингдек, вилоятдан сайланган Сенат аъзоларига алоҳида жиҳозланган хоналар ажратилган.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги вакиллари Сенатнинг маҳаллий давлат органлари билан ўзаро алоқалари юзасидан ўтказилган мониторинг тўғрисида ўз фикрларини билдиришди.
— Парламент юқори палатаси томонидан ўтказилган мониторинг бизга кўп томонлама фойдали бўлди, — дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Фарҳод Шерназаров. — Олий Мажлис Сенати билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ўзаро фикрлашдик ҳамда тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик. Кўплаб депутатлар — Кенгаш ҳузуридаги доимий комиссиялар раислари ва аъзолари ўзлари учун иш режаларидаги муҳим йўналишларни аниқлаб олишди ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашди. Кенгашлар ва доимий комиссиялар, хусусан, Сардоба, Боёвут, Сайхунобод туманлари ҳамда Ширин шаҳрида ишни ташкиллаштиришда камчиликларга йўл қўйилгани кўрсатилган эди. Мазкур туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятини яхшилаш юзасидан аниқ вазифаларни амалга ошириш режалаштирилди. Жумладан, доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси назоратини таъминловчи самарали механизмни шакллантириш белгилаб олинди.

Сенат аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ сўнгги йилларда вилоят Халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятида сезиларли жонланиш кузатилганини эътироф этди. Кундалик турмуш тарзимизнинг яхшиланишида маҳаллий вакиллик органларининг иштирокини одамлар ҳис этишлари муҳим. Умумхалқ ишларига ҳар биримиз фидойилик билан ёндашсаккина, маҳаллий вакиллик органларига аҳолининг ишончи ортаверади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси, Машкура ЗОҲИДОВА)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov