Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 29 март

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

Тошкент шаҳрида 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Парламент юқори палатаси аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномага (Тошкент, 1992 йил 15 май) қўшилиши ҳақида”ги Қонунни, шунингдек, мамлакатимизнинг Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти аъзолигига тикланиши билан боғлиқ бошқа бир қатор халқаро битимларни кўриб чиқдилар. Бунда шу нарса қайд этиб ўтилдики, мамлакатимизнинг ана шу ҳужжатларга қўшилиши тинч­лик ва барқарорликни, халқаро ҳамда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети самарали тарзда ҳимоя этилишига ёрдам беради. Мазкур битимларни ратификация қилиш қарори Ўзбекистоннинг суверен ҳуқуқидан келиб чиқади ҳамда Конституциямизнинг 17-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига асосланади. Ана шу ҳуқуқий ҳужжатлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлиснинг юқори палатаси мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан киритилган «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам кўриб чиқди ва маъқуллади. Мамлакатимизнинг Халқаро меҳнат ташкилоти Бош Конференциясининг 58 ва 87-сессия­ларида шу нуфузли халқаро ташкилот томонидан қабул қилинган мазкур конвенцияларга қўшилиши давлатимизнинг болалар ҳамда ёшлар ҳуқуқлари ва манфаатлари ишончли тарзда ҳимоя этилишини таъминлашга, уларнинг ҳар тарафлама ва тўлақонли камол топиши учун зарур ижтимоий, иқтисодий ва бошқа йўналишдаги шароитлар яратишга қаратилган изчил сиёсатининг ифодасидир. Сенатнинг шу ялпи мажлисида маъқулланган ­«Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун бунга яққол мисолдир. Унда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, болалар ўртасидаги жиноятчиликка қарши кураш ва бундай жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш муддаосидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш назарда тутилган.
Ялпи мажлис ишида давлат инвестиция ва божхона сиёсатининг ҳуқуқий базасини такомиллаштирувчи қонунларни кўриб чиқиш муҳим ўрин тутди. Шундай қонунлардан бири «Божхона имтиёзларининг қўлланилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2007 йил 6 декабрда қабул қилган «Хорижий инвесторлар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулкка нисбатан божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида»ги Қарор асосида ишлаб чиқилган. Сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, ушбу Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун замонавий технологиялар ва ускуналарни, уларнинг бутловчи қисм­ларини, шунингдек, хом ашё ва материалларни олиб кираётган чет эллик инвесторларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзларни қўллашни тартибга солишдан иборат. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуни 33-моддасига ва «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуни 12-моддасига ўзгартишлар киритилмоқда, мазкур ўзгартишлар чет эллик инвесторлар ва устав фондида чет эл инвестиция­ларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк­ни бож ундиришдан озод қилишга доир имтиёзни қўллаш тартибини мукаммаллаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 109-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг асосий мақсади ташқи иқтисодий фаолият субъектлари бўлмиш жисмоний ва юридик шахслар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш тартибини бирхиллаштириш ва расамадга солишдан иборатдир. Қонун божхона тўловлари бўйича имтиёзлар мазмуни ва уларни қўллаш механизми ташқи иқтисодий фаолият субъектлари, шунингдек, божхона ва бошқа органлар томонидан турлича тушунилишини бартараф этишга ёрдам беради. Сенаторлар бу қонунларни маъқулладилар.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг   2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари парламент юқори палатаси аъзолари томонидан тингланди. Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяси лавозимларига мамлакатимиз Президенти томонидан тақдим этилган номзодларни тасдиқладилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига тааллуқли бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда ҳаммаси бўлиб ўттиздан ортиқ масала, шу жумладан, 25 та қонун кўриб чиқилди, улар юзасидан 60 нафардан ортиқ сенатор сўзга чиқди.
Умуман олганда, ўн учинчи ялпи мажлис ишчанлик ва амалий вазиятда ўтди. Иштирокчилар кўриб чиқилган масалаларнинг муҳимлигини, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги остида мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ислоҳотлари жараёнидаги аҳамиятини таъкидладилар. Янги қонунларни тарғиб этиш ва кенг кўламда тушунтириш ишларини янада кучайтириш, ҳуқуқни қўлланиш амалиёти механизмини такомиллаштириш зарурлиги тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қайд этилганидек, ана шу тадбирларнинг барчаси Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини амалга ошириш билан мувофиқ тарзда олиб борилмоғи керак. Бу ишлар мамлакатимиз демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан изчиллик билан илгарилаб боришига ёрдам беради. 
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини ­тамомлади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 29 март, №63)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov