Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 29 февраль

АЁЛ, ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ

Жамиятнинг тараққиёт даражаси ва маърифатлилик савияси хотин-қизларга бўлган муносабат билан белгиланиши барчага аён. Жамиятда содир бўлаётган ҳар қандай ижобий ўзгаришлар, агар улар оила, аёллар ва болалар бахт-саодати ҳамда фаровонлигига қаратилмаган бўлса, юзакилигича қолаверади. Ўзбекистонда асримизнинг бошланиши оналар ва болалар манфаатларини ҳимоя этишдек абадий инсонпарварлик рамзлари остида ўтмоқда.
Мамлакатимизда жамият ҳаётий фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш ва мақомини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя этиш юзасидан салмоқли ишлар қилинди. Тенг ҳуқуқлилик ҳар қандай демократик жамиятнинг асоси бўлиб, бу принцип БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эълон қилинган. Ўзбекистонда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги конституциявий принцип ҳисобланади, мамлакатимизнинг Асосий Қонунида алоҳида бир боб — XIV боб оила, оналик ва болаликка бағишлангандир. Ўзбекистон 1995 йили Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчилар қаторида БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясига қўшилган.
Давлатимиз раҳбари Ислом ­Каримов хотин-қизларнинг ролини ва ижтимоий мақомини кўтариш давлатчилигимизнинг энг асосий, энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканлигини айтиб, бу уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этишнинг бош кафолати эканлигини қайта-қайта таъкидлаганича бор.
Бизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришда “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги 1999 йил 14 апрелда, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозимлигини белгилаб берган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 2003 йил 29 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чоралари тўғрисида”ги 1995 йил 2 мартда, “Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1999 йил 17 мартда ва “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2004 йил 25 майда чиқарилган фармонлари бағоят муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган ва 28 февраль куни бўлиб ўтган “Аёл, давлат ва жамият” мавзусидаги давра суҳбатида кейинги йилларда мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида хотин-қизларнинг роли анчагина ошганлиги қайд этилди. Ҳозирги вақтда Олий Мажлис қуйи палатаси депутатларининг 18, юқори палатаси аъзоларининг 15 фоизи хотин-қизлардир. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида хотин-қизларнинг улуши 44 фоизни, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари орасида эса қарийб 23 фоизни ташкил этмоқда.
Бугунги кунда хотин-қизлар таълим сифатини янада яхшилашга, замонавий талаблар даражасида малакали кадрлар тайёрлашга, илм-фанни ривожлантиришга, ёшлар ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларнинг таьсирчанлиги ҳамда самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Иштирокчилар оналик ва болаликни муҳофаза этишни чуқурлаштириш, қизлар ва аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш масалаларига муҳокама асносида алоҳида эътибор қаратдилар. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2500 дан ортиқ қишлоқ врачлик пунктлари ишлаб турибди ва улар хотин-қизларга, оналар ва болаларга ўз вақтида ёрдам кўрсатмоқда. Кейинги вақтларда барча минтақаларда оила ва никоҳ марказлари ҳамда скрининг марказлари ташкил этилди. Амалга оширилган ишлар натижасида оналар ўлими билан боғлиқ кўрсаткич ҳар 100 минг нафар аёлга нисбатан олганда кама­йиб, 65 тадан (1991 йил) 24 тага тушди. Ўзбекистонда аёлларнинг ўртача умр кўриши 70 ёшдан 74,6 ёшга узайди.
Давра суҳбатида хотин-қизларга оид давлат сиёсати, улар билан олиб борилаётган ишларнииг устувор йўналишлари ҳақида, демократик жамият барпо этиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда аёлларнинг тобора ортиб бораётган роли тўғрисида, хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш хусусида манфаатдорлик билан баҳс-мунозара юритилди. Дипломатик корпус вакилларининг эътибори Ўзбекистонда жамият ва давлат қурилишида хотин-қизлар ролини ошириш масаласига қаратилди. Баҳс-мунозаралар асносида БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига бар­ҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини бажариш юзасидан ўзаро фикр алмашилди, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ролини ошириш масаласи муҳокама қилинди, шу масалага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунлари асосида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Тадбирда сенаторлар, дипломатик корпус, хотин-қизларнинг ноҳукумат ташкилотлари, хорижий ва мамлакатимиз ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 29 февраль)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov