Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 28 март

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

Тошкент шаҳрида 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси очилди.
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, ўтказилаётган тадбир кун тартибига киритилган масалаларга фаолияти дахлдор давлат органларининг раҳбарлари ҳозир бўлдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.
Сенаторлар ўз ишларини «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қайд этиб ўтилганидек, мазкур Қонун нормалари бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг умумэътироф этилган жаҳон стандартларига мувофиқ бўлиб, Ўзбекистон ўзи қўшилган халқаро шарт­номалар ва конвенцияларга содиқ эканлигидан, зиммага олган мажбуриятларини қатъият билан адо этаётганлигидан яна бир карра далолат беради. Одам савдосига қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз халқаро кўламда фаол ҳамкорлик олиб бораётганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Фуқароларимиз манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан таъмин этишга қаратилган мазкур Қонуннинг кучга кириши одам савдосига қарши курашиш жабҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга, шахс, жамият ва давлатни ана шу турдаги жиноятнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳимоя этиш мақсадларига эришишга, шунинг­дек, бундай жиноий фаолиятнинг олдини олиш, уни аниқлаш ва бартараф этишга, оқибатларини камайтиришга ёрдам беради.
Шундан кейин «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди. Қайд этилганидек, уларнинг биринчиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги қарори билан тасдиқланган 2007-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш дас­турининг 1-банди асосида ишлаб чиқилган. Қонун суғурта хизматларининг рақобат бозорини шакллантириш, суғурта фаолиятининг замонавий турларини ривожлантириш ва сифатини ошириш, суғурталовчиларнинг капиталлашув даражасини юксалтириш ҳамда молиявий барқарорлигини таъмин этишга қаратилган. Иккинчи Қонун эса Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига, шунингдек, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, мажбурий суғурта бўйича таянч ставкалар ва коэффициентлардан ташкил топадиган суғурта тарифларини давлат йўли ­билан расамадга солиш тартибини белгилайди.
Парламент юқори палатаси аъзолари томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 20 июлда қабул қилинган “2007–2010 йилларда хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган мазкур Қонун давлат мулки объектларини хусусий инвесторларга сотиш самарадорлигини корхоналарни ривожлантиришга хусусийлаштирилаётган корхоналар ишлаб чиқаришининг юксак даражаси ёки хизмат кўрсатишнинг юқори сифатига эришишга имкон берадиган инвестицияларни жалб этиш ишларини ҳар тарафлама кучайтириш йўли билан таъминлашга қаратилганлиги қайд этиб ўтилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
«Жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш асносида шу нарса таъкидландики, Қонуннинг асосий мақсади жиноят содир этганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини жарима тариқасидаги жиноий жазони мажбурий тартибда ижро этишнинг процессуал ҳуқуқий механизмини яратиш йўли билан таъминлашдан иборатдир. Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган бўлиб, улар жарима жазосини жазонинг бошқа турлари билан алмаштириш учун асос бўладиган ҳолатларни аниқлаштирмоқда, жарима жазосини ёки ахлоқ тузатиш ишларини бошқа жиноий жазо чоралари билан алмаштириш тўғрисидаги тақдимномаларни, шунингдек суд ижрочиси жариманинг тўланмаган миқдорини жазонинг бошқа тури билан алмаштириш ҳақида киритган тақдимномаларни суд томонидан кўриб чиқиш тартибини расамадга солади. Ялпи мажлис томонидан Қонун маъқулланди.
Шундан кейин «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2382-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Таъкидлаб ўтилганидек, унинг асосий мақсади коммунал хизматлар истеъмолчилари бундай хизматлар тўлови бўйича қарзларини вақтида тўлашларини ҳамда ходимларга ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақи иш берувчилар томонидан вақтида тўланишини таъминлашга, шунингдек, коммунал хизматлар тўлови ва иш ҳақи бўйича қарзларни ундириб олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган чоралар амалга оширилишига эришишдир. Кодекснинг 2382-моддасига киритилаётган ўзгартишлар суд буйруғи чиқаришда асос бўладиган талаблар рўйхатини кенгайтирмоқда.
Сўнгра сенаторлар “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Мазкур қонунларнинг биринчиси истеъмолчиларга ўз ҳуқуқлари амалга оширилиши кафолатларини таъминлашга, уларга тегишли стандартлар ва сифатга жавоб берадиган товарлар (озиқ-ов­қат маҳсулотлари) реализация қилинишини таъминлашга қаратилганлиги қайд этиб ўтилди. Бу ҳуқуқий ҳужжат товарларни уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ва сақлаш шароити кўрсатилмаган ҳолда ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолларини кескин камайтиришга, ишлаб чиқарувчиларнинг (ижрочиларнинг, сотувчиларнинг) реализация қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) сифати учун жавобгарлигини оширишга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун истеъмолчилардан асоссиз равишда ҳақ ундирилишига йўл қўймасликка ёрдам беради. Кўриб чиқилган қонунларнинг иккинчиси асосида киритилаётган ўзгартишлар эса ижтимоий рекламали ахборот, фаолияти қайси манбалардан молиялаштирилишидан қатъи назар, барча реклама тарқатувчилар томонидан жойлаштирилиши мажбурийлигини белгилаб қўймоқда, бундай ахборотнинг ҳажмини аниқлаштирмоқда ҳамда уни бепул жойлаштириш тартибини белгиламоқда.
Шундан сўнг «Вояга етмаган шахс­ларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди ва маъқулланди. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя этишга, болалар ўртасидаги жиноятчиликка қарши кураш ва бундай жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган мазкур Қонун билан, хусусан, Ўзбекис­тон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик ҳамда вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этганлик учун жиноий жазо чораларини белгиловчи, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаганлик учун ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишда мамлакатимиз фуқаро авиацияси парвозларининг хавфсизлиги қоидаларини тартибга соладиган бир қатор халқаро шартномаларга қўшилганлиги, шунингдек, бу соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Қонун билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда Ўзбекистон Республикасининг байроғи остидаги ёки Ўзбекистон Республикасининг портида рўйхатга олинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида очиқ ҳаво ёки сув бўшлиғида бўлган кемада маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий жавобгарликка жалб этиш, жумладан, жарима жазоларини кўпайтириш назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
«Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 389-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. Қайд этиб ўтилганидек, ҳозирги вақтда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга оид жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилмоқда. Жиноят-процессуал кодексининг 389-моддасига киритилаётган ўзгартишлар бу тоифадаги ишларни жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари судловига ўтказиш имконини беради ҳамда одил судловни амалга ошириш масалаларида туман (шаҳар) бўғинига мансуб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан янада жипсроқ ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъмин этади.
«Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 58-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишда юқори палата аъзолари томонидан қайд этиб ўтилдики, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексида жазо тайинлашда тамом бўлган, яъни жиноий қасд охирига етказилган жиноят билан тамом бўлмаган жиноят ўртасидаги тафовут инобатга олинмайди. Киритилаётган ўзгартишлар жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилишнинг ижтимоий хавфи тамом бўлган жиноятникига нисбатан анча камлигини инобатга олган ҳолда, камроқ жазо муддати тайинлаш имконини беради. Шу билан бирга, мазкур енгиллаштирувчи ҳолатлар ўта хавфли рецидивистларга, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма аъзоларига нисбатан, тинчлик ва хавфсизликка қарши тамом бўлмаган жиноятлар учун, шунингдек, оғирлаштирадиган ҳолатларда содир этилган жиноятларга жазо тайинлашда қўлланилмайди. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
«Божхона имтиёзларининг қўлланилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 109-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу қонунларнинг биринчиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун замонавий технологиялар ва ускуналарни, уларнинг бутловчи қисмларини, шунингдек, хом ашё ва материалларни олиб кираётган чет эллик инвес­торларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзларни қўллашни тартибга солади. Иккинчи Қонунда эса ташқи иқтисодий фаолият субъектлари бўлмиш жисмоний ва юридик шахслар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш тартибини бир хиллаштириш ва расамадга солиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро шартномалар ва конвенцияларга қўшилишига тааллуқли, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришга оид қонунларни кўриб чиқишга ялпи мажлис ишида катта эътибор берилди. Шундай қонунлар жумласига Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2008 йил 19 февралда киритилган «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Болалар меҳнатининг оғир шакл­ларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1999 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари киради — сенаторлар уларни маъқулладилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2007 йил 20 декабр­да киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Ядровий терроризм актларига қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Нью-Йорк, 2005 йил 13 апрель) қўшилиши ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторлар томонидан маъқулланди. Мазкур Қонунни кўриб чиқиш асносида таъкидлаб ўтилдики, ялпи қирғин қуроллари тарқатилиши олдини олиш, тегишли конвенцияларга қўшилишни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикасида халқаро мажбуриятларга мувофиқ катта иш олиб борилди. Ядровий терроризм актларига қарши курашга оид халқаро конвенция халқаро ҳамжамиятнинг ядровий терроризмга ҳар томонлама қаршилик кўрсатишини таъминлашга ёрдам беради ва ушбу Конвенцияда иштирок этувчи давлатлар учун бундай ҳодисага қарши курашда, шу жумладан, халқаро ҳамкорлик воситалари орқали курашда ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш имконини яратади. Қонун сенаторлар томонидан маъ­қулланди. Сенат аъзолари бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам кўриб чиқдилар ҳамда маъқулладилар.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 28 март, №62)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov