Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 27 март

Қонунлар эл манфаатига хизмат қилади

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига тааллуқли ўттиздан ортиқ масалаларни кўриб чиқаётган ялпи мажлис иштирокчилари олдида қатор муҳим вазифалар турибди. Парламентимиз юқори палатаси аъзолари, энг аввало, юрт равнақи ва халқ фаровонлигига хизмат қиладиган йигирма бешта қонунни кўриб чиқишади. Қолаверса, Конституцияда белгиланган ваколатлари доирасида сенаторлар бир қатор давлат идораларининг ҳисоботларини тинглайдилар. Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирадилар. Шу боис, сенаторлар бу галги анжуманга ўзгача руҳ, шижоат билан ташриф буюришмоқда. Буни юқори палата аъзоларининг мухбир­ларимиз билан суҳбатларидан ҳам сезиш мумкин.
Зокиржон ЗУННУНОВ, Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:
— Дарҳақиқат, юқори палатанинг навбатдаги мажлиси ўзига хос бир муҳитда, шароит­да ўтаётир. Жорий
2008 йил — Ёшлар йилидаги дастлабки анжуманимиз доирасида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган йўналишларда, айниқса, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, халқ хўжалигининг турли тармоқларини янада модернизация этишга доир қатор қонун ҳужжатларини кўриб чиқамиз. Энг асосийси, жорий йилдаги фаолиятимизнинг бош мезони ҳам қонун ҳужжатларида инсон манфаатларини устувор даражага кўтаришдан иборат бўлиши, шубҳасиз.
Зотан, Юртбошимизнинг куни кеча халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши сессиясидаги маърузаси ҳам ана шу масалага муштарак бўлди. Юртбошимиз қайси соҳадан қатъи назар, иқтисодиётни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўладими ёки ижтимоий соҳа, таълим-тарбия ва соғ­лиқни сақлаш борасидаги энг муҳим йўналишларни изчил давом эттиришми — буларнинг барчасида инсон манфаати асосий ва устувор масала бўлиб қолишини алоҳида ­таъкидладилар. Ўйлайманки, ­Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлиси ҳам мана шу мақсадларга хизмат қилади.
Эшпўлат ТЎЙЧИБОЕВ, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:
— Қўмитамиз томонидан бугунги мажлис кун тартибига бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари киритилган эди. Жумладан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ва “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунларни кўриб чиқамиз. Бу қонунларнинг замирида мамлакатимиз фуқароларининг манфаатлари мужассам эканлигини таъкидлаш лозим. Чунончи, транспорт эгаларининг фуқаролик мажбуриятларини суғурта қилиш дунё миқёсида такомиллашиб, кенг самара бериб келаётган жараёндир. Хориж тажрибасида синовдан ўтган ушбу суғурта тизимининг жорий этилиши, ўйлаймизки, транспорт воситаларини кафолатлашга хизмат қилади.
Умуман, қўмитамиз томонидан киритилган аксарият қонунларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратсак, уларнинг кўпчилигига қўшимча ва ўзгартишлар киритилаётгани аён бўлади. Бу эса, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёт йўлидан кетаётганлигидан далолат. Зотан, бизнинг эндиликдаги энг муҳим вазифаларимиз амалдаги қонунларни ҳаётга янада самарали татбиқ этиш, уларни янги замон тенденцияларига уйғунлаштириш, ­ислоҳотларнинг бардавом ва изчиллигига хизмат қилишдан иборатдир.
Нодира КАРИМОВА, юқори палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
— Янги қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан бир вақтда, жойлардаги маҳаллий кенгашлар, доимий комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни янада фаоллаштиришга доир кўплаб тадбирларни амалга ошираётганимиз яхши натижа бераяпти. Чунки сенатор нафақат қонун қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этмоғи, балки маҳаллий масалаларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатиши керак. Шу боис, йил бошидан буён бу борада анча-мунча ишларни бажардик.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ва бош­қа бир қатор қонунларга, кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаяпти. Уларда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши учун зарур нормалар акс этаяпти. Масалан, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунда инвесторларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш белгилаб қўйилган.
Тадбиркорнинг, инвесторнинг, умуман, халқнинг фаровонлиги, уларнинг қизиқишларига, юрт равнақига ҳисса қўшадиган қонунларни маъқуллашдек масъулиятни бугун барча сенаторлар ҳис этиб туришибди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 27 март, №61)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov