Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 27 март

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Унда жамиятни демократлаштириш ва ­янгилаш, ­мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш ­вазифаларини изчиллик билан ҳал этишда муҳим роль ўйнайдиган бир қатор қонунлар ва масалаларни ­муҳокама қилиш мўлжалланмоқда.
Кеча, 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий ­Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И. Собиров олиб борди.
Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенатининг Раиси ўринбосари Ф.Муҳитдинованинг парламент юқори ­палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар ҳақидаги ­ахборотини тинглаб, маълумот учун қабул қилдилар.
Қўмиталарнинг раислари навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритилаётган қонунлар ва бошқа ­масалалар юзасидан хулосалар тайёрлиги ҳақида ­ахборот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа ­масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Кенгаш тегишли қарорлар қабул қилди.
* * *
Шу куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди, уларда ўн учинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган масалалар муҳокама қилинди.
25–26 март кунлари қўмиталар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга тақдим этилган 25 та қонунни, шунингдек, парламент юқори палатаси қўмиталари ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни муҳокама қилдилар. Улар орасида хусусан, ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзларни қўллаш тартибини бирхиллаштириш ва расамадга солишга йўналтирилган «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 109-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги, барча турдаги транспорт воситаларидан фойдаланишда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтирувчи «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, болалар ўртасидаги жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган «Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари бор.
Қўмита мажлисларида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишга алоҳида эътибор берилди. Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, мазкур Қонунда одам савдосига қарши курашишнинг асосий принциплари, яъни қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахс жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабр­ланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик, ижтимоий ҳамкорлик принциплари белгилаб берилмоқда.
Кўриб чиқилган барча қонунлар ўн учинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун тавсия этилди.
Мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот, шунингдек, айрим сенаторларнинг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди ҳамда сенаторларнинг ва Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ўн учинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш мўлжалланган қонунларни кўриб чиқиш асносида сенаторлар ўз муносабатларини билдиришлари жоиз бўлган ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳияти ҳақидагина эмас, балки уларнинг жамиятимизни янада демократлаштириш ҳамда модернизациялаш жараёнидаги амалий роли тўғрисида ҳам сўз юритдилар. Шу нарса ҳам қайд этиб ўтилдики, ҳар бир янги ҳуқуқий ҳужжат ҳуқуқни қўлланиш йўналишида аниқ механизм ишлаб чиқилишига муҳтож, унинг моҳияти ва аҳамияти эса аҳолига фаол тарзда тушунтирилмоғи лозим. Шу билан бирга мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкор ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини кенгайтиришда кўриб чиқилган мазкур қонунларнинг муҳим роль ўйнаши тақозо этилади деган фикр­лар ҳам билдирилди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 27 март, №61)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov