Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 26 март

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Парламент юқори палатаси қўмиталарининг 25 март кунги мажлислари Сенатнинг бўлажак ўн учинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритиш мўлжалланаётган масалалар муҳокамасига бағишланди.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида, жумладан, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Божхона имтиёзларининг қўлланилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонунлар кўриб чиқилди. Мажлисда мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар хусусийлаштирилаётган корхоналарни модернизациялаш ва техника билан қайта жиҳозлаш юзасидан инвестиция мажбуриятлари инвесторлар томонидан бажарилишини таъминлашга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада самаралироқ тарзда ҳимоя этишга, қонун ҳужжатларимизда назарда тутилган имтиёзларни чет эллик инвесторларга нисбатан қўлланишни расамадга солишга, иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Мазкур Қонун, фаолияти қайси манбадан молиялаштирилишидан қатъи назар, барча реклама тарқатувчилар ижтимоий рекламали ахборотларни жойлаштириши мажбурийлигини белгилаб қўяётганлиги ҳамда аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтиришга йўналтирилганлиги мажлис аҳли томонидан таъкидланди.
«Жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2382-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан кўриб ­чиқилганида шу нарса қайд этилдики, мазкур қонунлар жарима тариқасидаги жиноий жазони мажбурий тартибда ижро этишнинг процессуал ҳуқуқий механизмини яратишга, коммунал хизматлар тўлови ва иш ҳақи бўйича қарзларни ундириш тартибини соддалаштиришга қаратилган. Қўмита аъзолари «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонунларни ҳам кўриб чиқдилар. Мажлис аҳли таъкидлаб ўтганидек, бу қонунлар суғурта хизматларининг рақобат бозорини шакллантириш, суғурта фаолиятининг замонавий турларини ривожлантириш ва сифатини ошириш учун шароит яратишга, суғурта қилишни тартибга солиш усулларини мукаммаллаштиришга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий маконини янада такомиллаштиришга йўналтирилган.
Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг мажлисида мамлакатимизнинг халқаро шартномаларга қўшилишига оид қатор қонунлар кўриб чиқилди. Улар орасида, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Ядровий терроризм актларига қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Нью-Йорк, 2005 йил 13 апрель) қўшилиши ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим ўрин тутади. Қайд этилганидек, ушбу Конвенция ядровий терроризмнинг янада самаралироқ ва таъсирчанроқ тарзда олдини олишга ҳамда унга қарши курашишга қаратилган чораларнинг амалга оширилишига ёрдам бериш, радиактив моддалар қўриқланишини таъминлаш, ушбу Конвенцияда санаб ўтилган қилмишларни ҳамма бирдек жиноий ҳаракат деб эътироф этишига эришиш мақсадида қабул қилинган. Конвенция халқаро ҳамжамиятнинг ядровий терроризмга ҳар томонлама қаршилик кўрсатишини таъминлашга ёрдам беради ва Конвенцияда иштирок этувчи давлатлар учун ушбу ҳодисага қарши курашда, шу жумладан, халқаро ҳамкорлик воситалари орқали курашда ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш имконини яратади. Қўмита аъзолари Ўзбекистоннинг халқаро конвенциялар ва шартномаларга қўшилишига тааллуқли бошқа бир қанча қонунларни ҳам кўриб чиқдилар.
Қўмиталар мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот, шунингдек, айрим сенаторларнинг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди ҳамда сенаторларнинг ва Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилди.
Мажлислар асносида парламент юқори палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 26 март, №60)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov