Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 26 февраль

ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ — БАРЧАНИНГ ИШИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси Б. Алихонов атроф-муҳитни муҳофаза этиш юзасидан қилинган ишлар ҳақида муфассал ахборот берди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишида мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан ўртага қўйилган вазифаларни бажариш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга эътибор қаратди.Муҳокама асносида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлашга, мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштиришга қаратилди. Экологик хавфсизликни таъминлашга, табиатни муҳофаза қилиш соҳасига иқтисодий механизмни жорий этиш ва такомиллаштириб боришга мазкур Қўмита томонидан алоҳида эътибор берилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорларини бажариш юзасидан собитқадам иш олиб борилди.
Табиатни муҳофаза этиш юзасидан ўтказилган тадбирлар ҳамда мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 2006 йилга нисбатан ҳаракатланувчи манбалардан атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқариб ташлаш, очиқ сув ҳавзаларига тозаланмаган оқова сувлар оқизиш анча камайишига эришилди. Ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳажми тўққиз фоизга камайди. 3713 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, икки минг гектардан ортиқ ер қайта тикланди. Қуввати соатига 48,4 минг куб метр бўлган чанг ва газ тозалагич қурилмалар, шунингдек, 38 минг куб метр сувни тежаш имконини берадиган айланма сув таъминоти тизимлари фойдаланишга топширилди. 19,6 минг автотранспорт воситалари бирлиги тегишинча газ ва дизель ёқилғисига ўтказилди. Ишдан чиққан люминесцент лампаларни зарарсизлантириш 2006 йилга нисбатан олти фоизга ошди. Талайгина майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, тўрт миллион тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар, ҳар хил кўчатлар ўтқазилди.
Сув ресурсларини муҳофаза этишга доир ҳукумат қарорлари бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Амударё ва Сирдарё ёқалаб сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳилбўйи минтақалари белгилаб берилди.
Ҳайвонот ва ўсимлик ­дунёсининг ҳозирги ҳолатига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларидаги сув объектларига оид давлат кадастрларини юритиш ишлари давом эттирилмоқда.
“Сайғоқхона” ва “Судочье” давлат қўриқхоналари ҳудудидаги нодир, фақат шу жойга хос ва йўқолиб бораётган ўсимлик турларининг, шунинг­дек, Устюртнинг муҳофаза этиладиган участкаларидаги ёввойи техник ўсимликларнинг кадастри тузилди.
Ресурсни тежайдиган ва экологик соф технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда кенг кўламда жорий этиш ишлари 2007 йилда ҳам давом эттирилди, халқаро конвенциялар доирасида Ўзбекистон Республикаси ўз зиммасига олган, бажарилиши учун масъуллик Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юклатилган мажбуриятлар оғишмай бажарилди.
Шу билан бирга Сенат қўмитасининг мажлисида табиатни муҳофаза этиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари ҳамда бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан муайян ишлар олиб борилганига қарамай, баъзи масалалар ҳамон ечим топмаганлиги таъкидланди. Баъзи шаҳарлар, айрим жойларда бир қанча ингредиентлар бўйича атмосфера ҳавосининг, сув ҳавзалари ва тупроқнинг ифлосланиш даражаси юқорилигича қолмоқда.
Сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг экологик соф технологияларни, энергиянинг тикланма манбаларини қўлланиш, мамлакатда экологик туризмни ривожлантириш борасидаги ишларига алоҳида эътибор қаратдилар. Тармоқни ислоҳ этишнинг иқтисодий механизмини янада такомиллаштириш ва босқичма-босқич амалга ошириш зарурлиги айтиб ўтилди, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунлари асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Тадбирда сенаторлар, Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирлик ва идоралари, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 26 февраль)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov