Oliy Majlis Senati yangiliklari

<< Yangiliklar |                                                                

2008 yil 22 avgust

Ёш оилаларни қўллаб-қувватлашасосий вазифа

“Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қиладиган ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш – бу уларнинг замонавий таълим ва тарбия олиши, зарур касб-ҳунарларни эгаллаши бўладими, иш ўрнига эга бўлиши, ўз қобилияти ва салоҳиятини юзага чиқариши учун имконият яратиш бўладими, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишларида кўмак бериш бўладими – бу масалаларнинг барчаси биз учун энг муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолаверади” (Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан).
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш йўлидаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ёш оилаларнинг маънавий-ҳуқуқий негизларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг оилавий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга катта аҳамият берилмоқда. Ёш оилалар учун муносиб уй-жой шароитларини яратиш маънан бой ва жисмонан соғлом болаларни тарбиялаб вояга етказишга имкон беради.
Оила тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари никоҳдан ўтиш шартлари ва тартибини белгилайди, муносабатларни эркак билан аёлнинг ихтиёрий равишда тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалалар ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, болаларни оилада тарбиялаш устуворлиги принциплари асосида тартибга солади.
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилиб, 2008 йил 22 августда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган давра суҳбати “Оила кодекси – ёш оилада муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асоси” деган мавзуга бағишланди.
Иштирокчилар “Ёшлар йили” Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан ўтказилаётган тадбирларда оила муносабатларининг ҳуқуқий негизини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ёшларнинг манфаатларини янада тўлароқ таъминлашга, ҳуқуқларини эса ҳимоя қилишга, давлатнинг ягона ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлигини қайд этиб ўтдилар.
Масалани муҳокама қилиш асносида давра суҳбати қатнашчилари бу соҳадаги тажрибаларини ўртоқлашдилар, шу куннинг талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг айрим нормаларини янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Хусусан, улар эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқларини амалга ошириш, никоҳ шартномасини тузиш, оила аъзолари ва бошқа шахсларнинг алимент тўлаш борасидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш, оилавий муносабатларда эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлилигига риоя этиш, ота-онанинг болалар тарбияси ва уларга таълим бериш соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини бажаришлари, никоҳдан ўтаётган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва шу сингари бошқа масалаларни тартибга солиш юзасидан аниқ таклифлар билдирдилар.
Давра суҳбати якунлари бўйича унинг иштирокчилари ёш оилада маънавий-ҳуқуқий муносабатларни шакллантиришга, фуқаролик жамиятининг ижтимоий ташкилоти тизимида оила институтининг ролини янада оширишга қаратилган тавсияларни қабул қилдилар.
Тадбирда сенаторлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар, вазирлик ва идоралар, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий ўқув юртлари, “Оила” республика илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси, жамоат бирлашмалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

 

(ЎзА)

 

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov