Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 22 февраль

ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИНИНГ АМАЛДАГИ ИФОДАСИ

Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш шароитида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини кучайтириш давлат ҳокимияти ва бошқарув ­тузилмалари фаолиятида муҳим масалалардан бири бўлиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 22 февраль куни Навоий шаҳрида бўлиб ўтган сайёр мажлисида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Навоий вилоятида ижро этилишига оид масала кўриб чиқилди.
Ўтказилган мониторинг замирида фуқаролар йиғинларининг раҳбарлари ва фаолларига ўз ваколатларини «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг нормалари талабларига мувофиқ равишда амалга оширишларига яқиндан ёрдам бериш мақсади мужассамдир.
Сайёр мажлисда таъкидланганидек, Навоий вилоятида ҳозирги кунда 337 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатиб турибди. Уларнинг ҳаммаси жой, зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланган. Фуқаролар йиғинларининг 275 таси балансида бино бор, 45 тасида маҳалла гузари барпо этилган. 2008 йил 1 январга бўлган ҳолатга кўра фуқаролар йиғинларидан 71 таси компьютер билан таъминланган, 239 тасида телефон алоқаси ўрнатилган.
Фуқароларнинг йиғинларида қонун талабларига мувофиқ фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолияти соҳасига кирадиган масалалар юзасидан туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликларининг, тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳисоботлари тингланмоқда. 2007 йили фуқаролар йиғинларининг кўмагида вилоят бўйича жами 5334 нафар фуқаро ишга, шу жумладан, 1797 киши саноат корхоналари, 1473 киши кичик корхоналарга ишга жойлашди, 2064 киши касаначилик соҳасида ишламоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳамда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш юзасидан аҳоли ўртасида собитқадам иш олиб бормоқда, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини
оширишга ҳамда ёшларни юксак маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялашга қаратилган тадбирлар ташкил этилишини таъминламоқда.
Мажлисда бу соҳадаги мавжуд камчилик ва нуқсонлар сабаблари ҳам таҳлил этиб ўтилди. Чунончи, аҳоли томонидан уй-жой ва коммунал хизматлар ҳақи тўлиқ тўланишини таъмин этгани учун фуқаролар йиғинларига ҳудудда ободонлаштириш ишларини ўтказишда ишлатиладиган маблағлар тўлиқ ҳажмда ўтказилмаяпти, бугунги кунда шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларининг аксарияти фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш ҳамда муайян нотариал ҳаракатларни амалга ошириш борасидаги ўз ваколатларидан талаб даражасида фойдаланмаяпти. Фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллар) ва уларнинг маслаҳатчилари малакасини ошириш иши ҳам яхшиланиши керак.                        
Сенаторлар муҳокама асносида фуқаролар йиғинларининг фао­лиятини, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиш механизмини янада такомиллаштириш, уларнинг (фуқаролар йиғинларининг) давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, адлия идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари, «Маҳалла» хайрия жамғармаси бўлинмалари билан ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш юзасидан бир қанча таклифлар билдирдилар.
Муҳокама якунлари асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Тадбирда сенаторлар, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, туман ҳокимларининг ўринбосарлари — хотин-қизлар қўмиталарининг раислари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, адлия ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органларининг, «Маҳалла» хайрия жамғармасининг, диний муассасалар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок зтдилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 22 февраль)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov