Oliy Majlis Senati yangiliklari

<< Yangiliklar |                                                                

2008 yil 19 noyabr

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА - 2008 йил 19 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси И. Собиров олиб борди.

2008 йил 19 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси И. Собиров олиб борди.
Сенат Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини шу йил 4 декабрда Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги Давлат бюджети тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонунларини киритиш режалаштирилмоқда: “Амнистия актини қўллаш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида», “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида», “Адвокатура институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”. Шу билан бирга “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактга доир, ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив Протоколга (Нью-Йорк, 1989 йил 15 декабрь) қўшилиши ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга доир, болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли Факультатив баённомага (Нью-Йорк, 2000 йил 25 май) қўшилиши ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив баённомага (Нью-Йорк, 2000 йил 25 май) қўшилиши ҳақида”, «Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақидаги Бирлашган Конвенцияга (Вена, 1997 йил 5 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Шу билан бир қаторда сенаторлар муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг бир қатор хорижий мамлакатлардаги дипломатия ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш тўғрисидаги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бир қатор бошқа масалаларни киритиш ҳам назарда тутилмоқда.
Кенгаш Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Девонининг ўн олтинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштиришни Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари Ф. Муҳитдинова зиммасига юклади.
Кенгаш мажлисида сенаторлар, манфаатдор идора ва ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Халк сўзи газетаси, 2008 йил 20 ноябрь, №226

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov