Oliy Majlis Senati yangiliklari

<< Yangiliklar |                                                                

2008 yil 19 avgust

Уй-жой бозорида рақобатни рағбатлантириш

Аҳолини қулай ва шинам уй-жой билан тўла-тўкис таъминлаш, айниқса кичик шаҳарлар ва қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини жадал ривожлантириш, уй-жой қурилишига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш тизимини жорий этиш масалаларига катта аҳамият берилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Уй-жой қурилишини ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди. Якка тартибда уй-жой қурувчиларни ҳамда аҳоли учун уй-жой қураётган хўжалик юритувчи субъектларни кредитлашга ёрдам бериш мақсадида “Ипотекабанк” акциядорлик-тижорат ипотека банки ва Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Мазкур Қарор соҳанинг қонунчилик базасини ривожлантиришга зўр омил бахш этди. “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги “Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 272-сонли ва 2007 йил 3 январдаги “Уй-жой қурилишига, уй-жойларни реконструкция қилиш ва уй-жой сотиб олишга ипотека кредитлари бериш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2-сонли қарорлари қабул қилинди.
Ушбу долзарб масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Ипотека-банк” акциядорлик-тижорат ипотека банки билан биргаликда ташкил этилган “Уй-жой бозорида рақобатни янада рағбатлантириш масалалари” мавзуидаги давра суҳбатида муҳокама мавзуи бўлди.
Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаб ўтганларидек, ҳозирги вақтда мамлакатнинг ҳамма минтақаларида уй-жой қуриш, уни сотиб олиш ва таъмирлаш соҳасида аҳолининг кенг қатламларига замонавий банк, инжиниринг ва консалтинг хизматлари кўрсатилмоқда. 2005–2007 йилларда ва жорий йилнинг биринчи ярмида “Ипотека-банк” акциядорлик-тижорат ипотека банки томонидан 50,9 миллиард сўм, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи хўжалик субъектларига 31,1 миллиард сўм миқдорида ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 21,5 миллиард сўмдан кўпроқ ипотека кредитлари берилди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари бериш кенгайиб бормоқда.
Тадбирда ипотека муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда уй-жой қурилишига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бериш тизимини жорий этиш тажрибаси, шунингдек ипотека муносабатларининг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш, қурилиш индустриясини ривожлантириш, тармоқда ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва эркинлаштириш шароитида уй-жой фондидан фойдаланишни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида мамлакатда, айниқса кичик шаҳарлар ва қишлоқ жойларда уй-жой қурилишига ипотека кредити бериш мониторингини ташкил қилиш ҳамда бундай кредитлашни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш, шунингдек ёш оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий муҳофаза қилиш муҳимлиги ва зарурлиги айтиб ўтилди.
Мунозара асносида давра суҳбати иштирокчилари ипотека бозорини ривожлантириш ва ипотека муносабатларини рағбатлантириш, ипотекани рўйхатдан ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозорининг ва ипотека билан боғлиқ бошқа молия бозорларининг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш масалалари юзасидан таклифлар билдирдилар ва тавсиялар қабул қилдилар.

Давра суҳбати ишида сенаторлар, олимлар, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, муҳандислик-қурилиш компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

 

(ЎзА)

 

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov