Oliy Majlis Senati yangiliklari

<< Yangiliklar |                                                                

2008 yil 15 avgust

ЁШЛАР УЧУН ҚУЛАЙ МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИНИ ЯРАТИШ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимизда ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини юксалтириш учун қулай шароитлар яратишга катта эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёшларнинг қулай шароитларда меҳнат қилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий нормалар мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилаётганлиги ҳам шундан далолат беради. “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ёшларнинг, шу жумладан вояга етмаганларнинг иш билан бандлигини таъминлашга, улар учун қулай меҳнат шароитларини яратишга оид муҳим ҳуқуқий нормалар мавжуд. Ўн саккизга тўлмаган ёшларни ишга қабул қилишдаги қўшимча кафолатлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг ўн тўртинчи бобида белгилаб қўйилган.
Республика Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Ёшлар йили” Давлат дастурида мавжуд ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, ёшлар учун қўшимча иш жойлари яратиш ҳамда уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган тадбир-чоралар назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳайъатининг шу йил 15 августда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган қўшма сайёр мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексидаги ёшлар учун белгиланган қўшимча кафолатларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида вояга етмаганлар учун қулай меҳнат шароитларини яратишга доир нормаларнинг Қашқадарё вилоятида бажарилиши амалиётини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда қайд этилганидек, вилоятдаги 693 минг 900 нафар меҳнатга қобилиятли ёшларнинг 484 минг 900 нафари иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишга жойлаштирилган. 96 минг 800 нафар йигит-қиз олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олмоқда, 82 минг 800 нафар ёш аёл болалар тарбияси билан машғул, 4 минг 200 нафар ёш фуқаро пенсия ва нафақалар билан таъминланган. “Ёшлар йили” вилоят дастурига мувофиқ вилоятдаги 89 та коллежнинг 15 минг 585 нафар битирувчиси учун 13 минг 70 та иш жойи яратилган. 2007 йилда коллеж ва лицейларни битириб чиққан 15 минг 900 нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди. 2006–2007 йилларда ва жорий йилнинг биринчи ярмида ёшлар учун яратилган иш жойлари сони 73 минг 200 тага етди.
Бандликка кўмаклашувчи марказлар томонидан туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг маҳаллий бўлинмалари билан биргаликда 2006 йилдан ҳозирги кунга қадар 164 та меҳнат ярмаркаси ўтказилди, натижада 8 минг 600 нафар ёш фуқаро ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари 4100 нафар ўсмир ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 11 мингга яқин ёш қиз-жувонлар касаначилик меҳнати соҳасида ишга жойлаштирилди.
Вилоятнинг йирик саноат корхоналари ва бошқа хўжалик субъектларида ёшларнинг меҳнат фаолияти, спорт билан шуғулланиши ҳамда дам олиши учун қулай шароитлар яратилган. Бу соҳада “Шўртангазкимё” мажмуига қарашли корхоналарда ва мустақиллик йилларида барпо этилган бошқа кўпгина корхоналарда катта ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, мажлис иштирокчилари вилоятда аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган махсус дастурлар ва тадбирлар етарли даражада самарали эмаслигига, шунингдек қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқий нормаларни бузиш ҳолларига эътиборни қаратдилар.
Масалани муҳокама қилиш асносида ёшлар учун қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қўшимча кафолатларга риоя этилишини таъминлаш ҳамда вояга етмаганлар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилишга тааллуқли нормаларни амалга ошириш соҳасида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг, бандликка кўмаклашувчи марказларнинг, туман ва шаҳар ҳокимликлари, касаба уюшмалари ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати маҳаллий бўлинмаларининг ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Қўшма мажлис ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳайъатининг аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, тегишли вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси   Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати

 

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov