Oliy Majlis Senati yangiliklari

<< Yangiliklar |                                                                

2008 yil 12 iyul

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши «Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қўшма қарор қабул қилган эди.
Ушбу қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фонди, шунингдек, мазкур Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида ушбу қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлларини ишлаб чиқиш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Конференцияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Нодавлат нотижорат ташкилотларини вафуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг раиси А.Шодмонов бошқарди.
Тадбирда «Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қўшма қарор мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли, тизимли, изчил ишларни амалга оширишда катта аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди. ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажмларини белгилаш, бу маблағларни тақсимлаш ва улардан фойдаланиш мониторинги билан боғлиқ масалаларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари тасарруфидан мамлакат қонун чиқарувчи олий органи — Олий Мажлис тасарруфига берилиши мамлакатимизда энг юксак демократик қадриятлар ва тамойилларнинг амалдаги яна бир намоёни бўлди.
Тадбирда ННТ томонидан таклиф этилган ва ҳудудларнинг аниқ ижтимоий-сиёсий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган, аввало, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

O'zA
(“Xalq so'zi” gazetasi 2008 yil 12 iyul )

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov