Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 6 май

Истиқболли илмий тадқиқотлар — мамлакат салоҳиятини оширишнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатасида “Истиқболли илмий тадқиқотларни ривожлантириш — жамиятнинг юксак интеллектуал салоҳиятини шакллантиришнинг асоси” мавзусига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ташкил этилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати иштирокчилари республикада истиқболли тадқиқотлар гуманитар, табиий ҳамда аниқ фанларнинг кўпгина соҳаларида, жумладан, ядро физикаси, иссиқлик физикаси, астрофизика, гелиоматериалшунослик, биология, микробиология, кимё ва табиий бирикмалар кимёси, сейсмология ҳамда бошқа соҳаларда олиб борилаётганлигини қайд этдилар. Хусусан, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳалари доирасида юрак-қонтомир ва юқумли касалликларга, шунингдек, нафас олиш йўллари ва ўпка хасталикларига ташҳис қўйиш, бундай касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олишнинг юздан ортиқ янги усули яратилди ҳамда амалиётга жорий этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртлари ҳамда муассасалар ўтказилган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича энергия ва ресурс тежайдиган ўндан ортиқ технологияни амалиётга татбиқ этди.
Кимё тармоғида нитрокальцийли фосфат ўғитларини янгича, юқори самарали ишлаб чиқариш усули яратилди ҳамда Самарқанд кимё заводида муваффақиятли тарзда синовдан ўтди.
Давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимизда истиқболли илмий тадқиқотларни ривожлантириш жамиятнинг юксак интеллектуал салоҳиятини шакллантиришнинг муҳим омили дея таъкидладилар. Шу билан бирга ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам бор. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этиш, ёш истиқболли олимларимизнинг малака ошириши ва тажриба орттиришининг самарали тизимини ташкил этиш, шунингдек, илмий тадқиқотларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш билан боғлиқ инновация фаолиятини ривожлантириш борасидаги ишларни кучайтириш зарур.
Давра суҳбати якунлари асосида тегишли тавсиялар қабул қилинди.
“Ўз6екистонда уруғчиликни ривожлантириш масалалари: муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари” — ўша кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўтказилган конференция мавзуси бўлди. Конференция иштирокчилари мамлакатимизда уруғчиликнинг аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қишлоқ хўжалигини серҳосил ва юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш, мамлакатимиз ва дунё миқёсидаги қимматли генофондни сақлаб қолиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш, жаҳон тажрибаси ютуқларини деҳқончилигимиз амалиётига жорий этиш, шунингдек, уруғчилик базамизни такомиллаштириш қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўлиб, шу сабабли бу соҳада Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатлари: уруғчиликнинг изчил ривожланиб боришини таъминлайдиган мустаҳкам ҳуқуқий базани яратувчи “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Конференция иштирокчилари биотехнология, цитогенетика каби замонавий фан ютуқларидан, шунингдек, генетика ресурс­ларидан самарали фойдаланилаётганлигини, булар қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи бўлмиш пахтачиликда ғўзанинг истиқболли, серҳосил, микроорганизмлар ва ҳашаротларнинг салбий таъсирига чидамли, жаҳон стандартларининг юксак талабларига жавоб берадиган тола олишни таъминлайдиган навларини яратиш имконини берганлигини қайд этиб ўтдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар уруғчиликнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, замонавий инновацион лойи­ҳаларни жорий этиш, уруғлик тайёрлайдиган ва уни қайта ишлайдиган корхоналар тармоғининг самарадорлигини ошириш ҳақида фикр алмашдилар.
Давра суҳбати ва конференция ишида сенаторлар, олий ўқув юртлари, илмий-текшириш марказлари ва муассасалари, тегишли вазирлик, идоралар ва ассоциациялар, фермер хўжаликлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 6 май №89 )

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov