Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 4 март

ҚОНУН ИЖРОСИ БИЛАН КУЧЛИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2008 йил 4 март куни бўлиб ўтган мажлисида “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мутасадди идоралар томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Ушбу Қонунни ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари ҳуқуқий муҳофаза этилишини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш йўлида муайян ишлар амалга ошириб келинаётганлиги мажлис аҳли томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.
Шу нарса ҳам таъкидландики, қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси саноат мулки объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаб келмоқда. Мазкур идора ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарига патент бериш ҳақидаги талабномаларни кўриб чиқиш учун қабул қилиш, улар юзасидан давлат экспертизасини ўтказиш, давлат рўйхатига олиш ҳамда уларга патентлар бериш билан шуғулланмоқда, шунингдек, патентлар берилганлиги, уларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги ва бошқа ахборотлар эълон қилиб бориладиган расмий ахборотнома нашр этмоқда.
2005-2007 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасига патент бериш сўралган 1931 та талабнома тушди. 4515 та экспертиза ўтказилди, 1329 та объект, лицензия шартномалари ҳамда патентланган объект­ларга бўлган ҳуқуқлардан бош­қа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги шартномалардан 84 таси рўйхатга олинди, расмий ахборотноманинг 24 та сони чоп этилди. 80 дан ортиқ идоравий норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди, уларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ўқув юрт­ларида шу йўналишда ҳар хил семинар ва лекциялар ўтказилмоқда. Ҳар йили энг яхши интеллектуал мулк объекти танловлари ташкил қилинмоқда. Талабнома берувчиларга ёрдам тариқасида турли қўлланмалар чоп этилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил
7 августда қабул қилинган “Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси фан ва технологияларни тараққий топтиришнинг еттита энг муҳим устувор йўналишлари бўйича тадқиқот ишлари олиб борилишини ташкил этди. Ҳозирги вақтда илмий-­тадқиқот институтлари ҳамда олий ўқув юртлари олимлари томонидан 1746 та илмий-техника лойиҳаси бўйича жами қиймати йигирма миллиард сўмликдан ортиқ ишлар бажарилаётир. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бу ишларнинг ижроси устидан мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.
Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари тизимидаги олимлар томонидан ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарига патент сўраб 463 та талабнома берилди ва 301 та патент олинди. Тиббиёт соҳасидаги илмий-техника лойиҳалари доирасида ҳар хил касалликларга ташҳис қўйиш, уларни даволаш ва касалликларнинг олдини олиш ишларини янада яхшилашга қаратилган 100 дан ортиқ янги ишланма яратилди ҳамда амалиётга жорий этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртлари ва муассасалар томонидан ресурс тежайдиган ўндан ортиқ технологиялар амалиётга жорий этилди.
Йиғилганлар мазкур Қонунни амалга оширишдаги мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратдилар. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасига тушган 1844 та талабномадан фақатгина 536 нафар муаллифга ихтиро учун патент берилган, ихтирога патент бериш сўралган бошқа талабномалар юзасидан эса улар ихтиролик даражаси талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли ҳам патент бериш ҳақида қарор қабул қилинмаган. Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги билимларни оммалаштириш юзасидан етарлича иш олиб борилмаётир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар патентга лаёқатли ихтиролари бўлган илмий-техника лойиҳалари бажарилиши, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши устидан етарлича мониторинг олиб бораётир, деб бўлмайди.
Қизғин муҳокама асносида сенаторлар “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлашга, мутасадди идораларнинг инновация фаолиятини кенгайтиришга ҳамда саноат мулки объектларидан мамлакат иқтисодиётида фойдаланишни кучайтиришга, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари даражасини юксалтиришга, илмий-тадқиқот фаолиятига қобилиятли ва истеъдодли ёшларни кенгроқ жалб этишга, патент билан ҳуқуқий муҳофаза этиладиган соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
Муҳокама якунлари асосида тегишли қарор қабул ­қилинди.
Тадбирда сенаторлар, Давлат патент идораси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 4 март )

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov