Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 1 апрель

Давр тақозо этган қонунлар

Мамлакатимизда икки палатали парламент фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлганича йўқ. Бу тарих олдида жуда қисқа давр. Бироқ бу вақт мобайнида Олий Мажлис Сенатининг ҳар бир ялпи мажлиси мавжуд қонунчилик базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, юртимизда ислоҳотларни изчил амалга оширишга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киришига муқаддима бўлиб хизмат қилиши барчамизга бирдек аён.
Парламент юқори палатасининг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган навбатдаги ўн учинчи ялпи мажлисида ҳам худди шундай ҳол такрорланди. Бу сафар, олдинги йиғилишлардан фарқли ўлароқ, сенаторлар нисбатан кўпроқ масалаларни кўриб чиқишди.
Бир қатор таҳлилчилар қайд этганидек, сенаторларнинг бу галги анжуманида ўрганилган ва маъқулланган қонунлар жамиятимиз ҳаётининг турли томонларини қамраб олган. Инвестицион сиёсат, фуқаролар истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, божхона имтиёзларини тартибга солиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, кўрсатилган коммунал хизматларнинг ўз вақтида ҳисоб-китобини қилиш бўйича масъулиятни ошириш масалаларида галдаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. ­Нав­батдагиси эса иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, хусусан, замонавий кўринишдаги суғурта хизматлари бозорини ривожлантириш ва такомиллаштиришдан иборат. Учинчиси суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни такомиллаштиришга қаратилган. Тўртинчиси мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар, конвенция ва шартномаларга қўшилиши, ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ. Бешинчиси эса одам савдосига қарши кураш ёки болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш каби жамиятимиз учун кутилмаган ҳолатлардаги ҳуқуқий муносабатларга тааллуқлидир. Сенаторлар томонидан 25 та қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди. Бу эса Олий Мажлис иккала палатасининг қонун ижодкорлиги йўлидаги ўзаро ҳамжиҳатлигини, айтиш мумкинки, уларнинг ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш тажрибаси муштараклашаётганлигини ҳамда қонун ижодкорлиги таомилига уй­ғун тарзда ёндашилаётганлигини кўрсатади.
Баъзида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда қизғин тортишувлар юз бергани ҳақидаги гаплар қулоққа чалиниб қолади. Аҳён-аҳёнда Сенат қўмиталари йиғилишларида ҳам баҳсли ҳолатлар юзага келиши, табиий. Негаки бунинг сабаби у ёки бу ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқишда моддама-модда келишувга эришиш ёки уни яратишда энг тўғри қарор қабул қилишга интилишдир.
Табиийки, Олий Мажлисдаги бу каби ҳолатлар тўсатдан пайдо бўлиб қолган эмас. Аслида иккала палата тузилмаларидаги бундай иш жараёни одатий тусга кирган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар ҳар томонлама пухта ўйлангандан кейингина ялпи мажлисга тақдим этилмоқда. Демак, қабул қилинаёт­ган ва маъқулланаёт­ган ҳужжатлар сифати ҳам яхшиланмоқда.
Шу ўринда Сенатнинг ўтган ялпи мажлисида кўрилган қонунларга қайтсак. Ушбу қонунларнинг айримлари хусусида экспертлар фикр билдирар экан, Ўзбекистон нафақат тинчликпарвар ташқи сиё­сат олиб бораётгани, балки фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг тинч ҳаёти ва меҳнатини таш­қи таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун шароитлар яратишга интилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Буни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан киритилган ҳамда юқори палата аъзолари томонидан маъқулланган “Ўзбекис­тон Республикасининг Ядровий терроризм актларига қарши кураш тўғрисидаги ­халқаро конвенцияга (Нью-Йорк, 2005 йил 13 апрель) қўшилиш ҳақида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартномага (Тошкент, 1992 йил 15 май) қўшилиш ҳақида”ги Қонунлар ҳамда бошқа бир қатор ҳужжатлардан ҳам билиш мумкин.
Ялпи мажлисда таъкидланганидек, Ядровий терроризм актларига қарши курашга оид халқаро конвенция жаҳон ҳамжамиятининг ядровий терроризмга ҳар томонлама қаршилик кўрсатишини таъминлашга хизмат қилади ва иштирокчи давлатлар учун халқаро ҳамкорлик воситалари орқали кураш ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга ёрдам беради. Мамлакатимизнинг Коллектив хавф­сизлик тўғрисидаги шартномага қўшилиши тинч­лик ва барқарорликни, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети самарали тарзда ҳимоя этилишига ёрдам беради ҳамда у Ўзбекистоннинг суверен ҳуқуқи ва Конституциямизнинг 17-моддасига, “Ўзбекистон Республикаси ­ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига тўла мос келади. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги ролини оширади, ҳудудий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш жараёнларида унинг ҳиссасини кўпайтиради.
«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун яратган меъёрлар, яъни инсоният цивилизациясидаги воқеликдан аллақачон унут бўлиб кетиши лозим бўлган одам савдоси каби аянчли ҳолатларга барҳам бериш борасидаги ҳуқуқий асос таҳлилчилар назаридан четда қолмади. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, бундай ҳолатлар ҳали ҳам мавжуд. Миграция жараёнлари тезлашгани сари Ўзбекистон фуқаролари ҳам унинг қурбонига айланмоқда. Сўзга чиққан сенаторлар таъкидлаганидек, маъқулланган мазкур қонун одам савдосига қарши курашиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, унинг оқибатларини камайтириш, ушбу ҳодиса билан боғлиқ ҳолатлардан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш каби ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу қонуннинг кучга кириши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлмасин, у ҳар доим Ватан ҳимоясида эканлиги, инсон ҳаёти олий қадрият ҳисобланишини ҳис қилишига замин яратади.
Ўзбекистон мазкур йўналишда ўзи қўшилган халқаро ҳужжатларни амалга ошириш жараёнида бошқа аъзо давлатлар билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатади. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, мамлакатимиз ушбу соҳада халқаро ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилади.
Олий Мажлис Сенати ўн учинчи ялпи мажлисининг таҳлилчилар қайд этган яна бир жиҳатига эътибор қаратишни истардим. Уларнинг фикрича, кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш жараёнида сўзга чиққан сенаторлар, асосан, маъқулланган қонунларни аҳолининг кенг қатламларига тушунтириш, уларни амалиётга жорий этиш механизмлари ҳақида тўхталдилар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, парламент юқори палатаси ушбу вазифани минтақавий вакиллик органи сифатида вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари билан ҳамкорликда адо этиши лозим.
Умуман олганда, навбатдаги ялпи мажлисда кўриб чиқилган ва маъқулланган қонунлар бугуннинг энг долзарб масалалари — мамлакатимизда жамиятни янгилаш ва демократлаштириш, ислоҳ қилиш ва модернизациялашни босқичма-босқич амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 1 апрель, №64)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov