Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 1 апрель

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ АМАЛИЁТИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш истиқболлари: амалиёт ва самарадорлик” мавзуида ташкил этилган давра суҳбати 31 март куни Тошкентда, жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар доирасида жиноят тўғрисидаги суд ишларини юритишда адолат ва инсонпарварлик принципларини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор чора-тадбирлар қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди. Хусусан, жиноий жазолар тизими либераллаштирилди, ярашув ­инс­титути жорий этилди, жиноятлар таснифи ўзгартирилди, ўлим жазоси бекор қилинди.
Иштирокчилар томонидан алоҳида қайд этилганидек, ҳозирги вақтда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган фаол қонунчилик ишлари давом эттирилаётир. Жиноят тўғрисидаги ва фуқаролик қонун ҳужжатларини либераллаштиришга доир, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам шундан далолат беради.
Амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритиш билан боғлиқ бир қанча қонунларнинг маъқулланганлиги ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётидаги ишлар аҳволи мазкур давра суҳбати мавзусини танлаш ҳамда муҳокама доирасини белгилашда ҳал қилувчи омил бўлиб қолди.Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш муддатларини белгиловчи айрим қонун ҳужжатлари нормаларидаги баъзи келишмовчиликларни бартараф этади, жарима жазосини жазонинг бошқа турлари билан алмаштириш ва жарималарни мажбурий тарзда ундириб олиш тартибини расамадга солади, шунингдек, жарима тариқасидаги жиноий жазо ижросини амалий жиҳатдан таъмин этиш учун тегишли ҳуқуқий база яратади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 58-моддасига жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилишнинг ижтимоий хавфи тамом бўлган жиноятникига нисбатан анча камлигини инобатга олган ҳолда киритилган ўзгартишлар камроқ жазо муддати тайинлаш имконини беради. Шу билан бирга, бундай енгиллаштирувчи ҳолатлар ўта хавфли рецидивист­ларга, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма аъзоларига нисбатан, тинчлик ва хавфсизликка қарши тамом бўлмаган жиноятлар учун, шунингдек, оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган жиноятларга жазо тайинлашда қўлланилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 389-моддасига киритилган ўзгартишлар гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга оид жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишларини жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари судловига ўтказиш имконини беради ҳамда одил судловни амалга ошириш масалаларида туман (шаҳар) бўғинига мансуб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан янада жипсроқ ҳамкорлик йўлга қўйилишини таъмин этади.
Коммунал хизматлар тўлови ва иш ҳақи бўйича қарзларни ундириш тартибини соддалаштириш муддаосини кўзлаб, Ўзбекис­тон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2382-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритилди, суд буйруғи чиқаришда асос бўладиган талаблар рўйхати кенгайтирилди. 
Масалани муҳокама этиш асносида давра суҳбати иштирокчилари ўзаро фикр алмашдилар, қонунчилик йўналишидаги ишларни такомиллаштириш, суд амалиётида қонунларнинг устунлигини ва ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини қўлланишнинг бир хиллигини, шунингдек, жарима тариқасидаги жиноий жазони мажбурий тартибда ижро этишнинг процессуал ҳуқуқий механизмини яратиш орқали содир этилган жиноят учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш масалалари юзасидан бир қанча таклифлар билдирдилар. 
Иштирокчилар давра суҳбати якунлари асосида тегишли тавсиялар қабул қилдилар.
Тадбирда сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон ёшларининг “Камолот” ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси, Тошкент давлат юридик институти, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 1 апрель, №64)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov