Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2008 йил 1 февраль

ХАЛҚ  ДЕПУТАТЛАРИ  КЕНГАШЛАРИ  ИШИНИНГ ТАҲЛИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кеча бўлиб ўтган мажлисида Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг 2005–2007 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мамлакатимизнинг учала минтақасидаги депутатларнинг ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг мамлакат парламенти юқори палатасининг бешинчи ялпи мажлисидаги умумдавлат ва минтақавий манфаатларнинг мутаносиблигига эришишда, мамлакатда ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишда Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, шунингдек ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлигини тубдан яхшилаш зарурлигига алоҳида урғу берилган дастурий нутқидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш нуқтаи назаридан ўрганиб чиқилди.
Ушбу масалани ўрганишдан кўзланган асосий мақсад халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз ваколатларини янада тўлақонли амалга оширишларига бевосита амалий ёрдам кўрсатишдан иборат эди.
Мазкур областлардаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари ишларининг таҳлили шуни кўрсатдики, улар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга ошираётирлар.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини режалаштириш яхшиланганлиги натижасида улар томонидан кўриб чиқилаётган, минтақаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар доираси анчагина кенгайган. Жойлардаги сенаторлар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари томонидан фуқароларни қабул қилиш мунтазам асосда йўлга қўйилган, шунингдек сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ҳал этишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ва улардаги доимий комиссияларнинг минтақавий ривожланиш масалаларни ҳал этишдаги фаолиятида самарадорликни ошириш мақсадида шу вилоятлардан сайланган сенаторлар ва мазкур Кенгашларнинг депутатлари олдига аниқ вазифалар қўйилган ҳамда улар муайян туманларга бириктирилган.
Жойлардаги иш аҳволини ўрганишда шу нарса маълум бўлдики, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари томонидан минтақа учун долзарб дастурлар, хусусан “Фермер хўжалигини ривожлантириш”, “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш”, “Вилоят аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш” дастурлари муваффақиятли тарзда амалга оширилмоқда. Сирдарё вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан минтақа иқтисодиётини ва ижтимоий соҳасини янада ривожлантириш билан боғлиқ тавсиялар ҳамда таклифларни амалга ошириш тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг раиси, шунингдек депутатлар ва сенаторлар томонидан вилоятнинг туман ҳамда шаҳарларида фуқароларни ҳар ҳафта қабул қилиш анъана бўлиб қолди. Аҳолини ишга жойлаштириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада жонлантириш масалалари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг мажлислари ҳамда Кенгаш сессияларида муҳокама этилмоқда. Тошкент вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари минтақанинг долзарб масалаларини ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда иш олиб бормоқдалар. Жумладан, вилоятдаги халқ депутатлари Кенгашлари доимий комиссияларининг аъзолари, сенаторлар ва депутатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда аҳолини ишга жойлаштириш, шаҳарлар, шаҳарчалар ҳамда қишлоқларни ободонлаштириш дастурларини амалга оширишга, шунингдек аҳоли ўртасида спорт ва соғломлаштириш ишларини яхшилашга қаратилган тадбирлар ўтказмоқда. Хусусан 2006–2007 йилларда Тошкент вилоятида қарийб 80 минг киши ишга жойлаштирилган, 67 та аҳоли пунктида ободонлаштириш ишлари ўтказилган.
Кенгаш шуни ҳам қайд этдики, олиб борилган ишлар натижасида халқ депутатлари Жиззах вилоят, Жиззах шаҳар, Фориш, Зомин, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор туманлари, Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар, Оқолтин, Ховос туманлари, Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳар, шунингдек Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Зангиота туманлари Кенгашлари фаолиятида ижобий ўзгаришлар сезилмоқда.
Шу билан бирга, Кенгаш мажлисида сенаторлар Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари айрим туман, шаҳар Кенгашларининг ишидаги мавжуд камчиликлар ҳамда фойдаланилмаётган резервларга эътибор қаратдилар. Шу муносабат билан мазкур минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ устувор масалаларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улардаги доимий комиссияларнинг ташкилий ишлари янада кучайтирилиши муҳим эканлигига алоҳида урғу берилди. Мажлисда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари ва тегишли доимий комиссияларнинг мажлисларида минтақаларни устувор ривожлантириш масалаларини мунтазам равишда муҳокама этиш, қабул қилинган қарорларнинг ижроси устидан назорат олиб бориш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улардаги доимий комиссиялари ишини минтақанинг долзарб масалаларини инобатга олган ҳолда режалаштиришни янада такомиллаштириш, доимий комиссияларнинг қилинган ишлар юзасидан ҳисоботларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг мажлисларида тинглаш зарурлиги ҳақида ҳам таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши муҳокама якунлари асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилди.

Кенгаш мажлисида сенаторлар, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги халқ депутатлари вилоят, айрим туман, шаҳар Кенгашлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзА
(“Халқ сўзи” газетаси 2008 йил 1 февраль, №23)

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov