Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 30 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2007 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси очилди.  
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, ўтказилаётган ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалаларга фаолияти дахлдор давлат органларининг раҳбарлари ҳозир бўлдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн беш йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган амнистия тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар ва унинг юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар. Бу ҳужжат инсонпарварликнинг ёрқин намунаси, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётганлигининг яна бир далили эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджети кўриб чиқилди. Муҳокама асносида Давлат бюджети иқтисодий ислоҳотлар устувор йўналишларини ҳисобга олиб тайёрланганлиги ҳамда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилганлигига алоҳида урғу берилди.
Мамлакат асосий молиявий ҳужжатининг харажатлар қисмида ижтимоий сиёсат соҳасидаги устувор вазифалардан бири сифатида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақалар миқдорини ошириш тамойилини сақлаб қолиш назарда тутилмоқда.
2008 йилги инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида кўриб чиқилган Давлат бюджетида назарда тутилган маблағларнинг асосий қисми умумтаълим мактабларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, қишлоқ аҳолисини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашга доир давлат мақсадли дастурларини амалга оширишга йўналтирилади.
Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалик ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга мўлжалланган маблағлар анчагина кўпайтирилди, унумдорлиги юқори бўлмаган ерларда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлашга доир мақсадли маблағлар ҳам назарда тутилмоқда. Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджетини маъқулладилар.
Сўнгра парламент юқори палатасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 10 мартда қабул қилинган “Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш дастури тўғрисида”ги ПҚ–24-сонли Қарорига мувофиқ тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонунни муҳокама қилиш асносида ушбу ҳуқуқий ҳужжат солиқ сиёсатини шакллантиришнинг амалиётда синовдан ўтган принципларига, яъни солиқ солишнинг мажбурийлиги, адолатлилиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ошкоралиги ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинишини назарда тутувчи солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланганлиги кўрсатиб ўтилди. Солиқ кодекси солиқ бошқаруви нормаларини қамраб олади, айрим солиқларни ҳисоблаб чиқариш қоидалари ҳамда тўлаш тартибини имкон қадар соддалаштиришни ва бирхиллаштиришни назарда тутади, тадбиркорлар ўз бизнесларини ўртача муддатда ривожлантиришни асосли тарзда прогноз қилишларига имкон беради. Сенаторлар ушбу Кодекс ўзида мавжуд солиқ нормаларининг бутун тизимини жамлаган дея таъкидладилар. Юқори палата аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини маъқулладилар.
Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.
«Жамоат фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Қонуннинг асосий мақсади «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 24-моддасининг учинчи қисмидаги ҳамда «Ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддасининг учинчи қисмидаги нормаларни, яъни жамоат фонди томонидан ҳомийлик дастурлари амалга оширилишида иштирок этаётган шахсларнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш билан боғлиқ нормаларни мувофиқлаштиришдан иборатдир. Ана шу нормаларга биноан маъмурий харажатларга доир чекловлар ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга нисбатан татбиқ этилмайди. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Парламент юқори палатасининг аъзолари Давлат бюджетининг ғазна ижросини жорий этиш ҳисобига бюджет тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган «Бюджет тизими тўғрисида»ги ҳамда «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар. Қонун бюджет маблағларининг ўз ўрнида ва самарали сарфланишини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда назорат қилишни кучайтиришга, ҳамма даражалардаги бюджетларнинг даромадлари ва харажатларини бошқариш самарадорлигини оширишга, шунингдек «Бюджет тизими тўғрисида»ги ва «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қоидаларини Давлат бюджетининг ғазна ижроси талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган.
Сўнгра сенаторлар «Саноат, газ таъминоти ва кон назорати соҳасидаги бошқарув такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Қонунда жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 июнда қабул қилинган «Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасини углеводород конларини аниқлаш ва қидириш ҳамда углеводородларни кавлаб олиш мақсадида геологик жиҳатдан ўрганиш, углеводородларни сақлаш учун ер ости иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш мақсадида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларни бериш бўйича ваколатли орган сифатида белгилашга оид қоида киритиш назарда тутилмоқда. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Шундан кейин «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди ва маъқулланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори асосида ишлаб чиқилган ана шу ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, шунингдек «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг баъзи моддаларига аниқлаштирувчи ўзгартишлар киритилмоқда, жумладан юридик шахсни на фақат тугатиш комиссияси, балки жисмоний шахс (тугатувчи) томонидан ҳам тугатиш имконияти берилмоқда.
«Табиий монополиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 23 январдаги Қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурининг асосий йўналишларидан бири амалдаги ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини оширишдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади аҳолининг ҳаётий таъминотини кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, товар ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун янада қулайроқ иқтисодий шароитлар яратиш, шунингдек уй-жой-коммунал хизматлар нархи мақбул бўлишини кафолатлайдиган, монополияга қарши қаратилган чораларни аниқлаштиришдан иборат.
Чунончи, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар рақобат муҳити шароитларида фаолият кўрсата оладиган ишлаб чиқаришларни табиий монополиялар соҳасидан ажратиб чиқариш ва кейинчалик уларни хусусийлаштириш вазифаларининг бажарилишини таъминлаш имконини беради. Парламент юқори палатасининг аъзолари ушбу Қонунни маъқулладилар.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 17 сентябрда қабул қилинган «Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида тайёрланган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Мазкур Фармонда 2007 йилнинг 1 октябридан эътиборан пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам иш ҳақи миқдорининг етти каррасидан саккиз каррасигача ошириш назарда тутилган. Шу нарса ҳам таъкидлаб ўтилдики, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг баъзи моддаларига киритилаётган ўзгартишлар пенсионерларнинг моддий фаровонлигини янада оширишга, ижтимоий адолат принципларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Сенаторлар ушбу ҳуқуқий ҳужжатни маъқулладилар.
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш чоғида сенаторлар ушбу ҳуқуқий ҳужжат «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини «Олтин акция» деб номланган янги 241-модда билан тўлдираётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. «Олтин акция» деганда айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи тушунилади. Бу ҳуқуқ стратегик аҳамиятга молик давлат корхоналарини хусусийлаштириш ёки акциядорлик жамиятларининг давлат акция пакетларини хусусий мулк этиб реализация қилишда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан жорий этилади ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Таъкидланганидек, Кодексга киритилаётган қўшимчалар транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган теле-, видеомонитордан фойдаланганлик, шунингдек бундай мониторларни транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўзбошимчалик билан ўрнатиб олганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади. Қонун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, ҳаракат хавфсизлигини оширишга ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган.
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам парламент юқори палатаси аъзолари томонидан кўриб чиқилди. Жиноят ишлари бирлаштирилган ва алоҳида иш юритувга ажратилган тақдирда, дастлабки тергов муддатларини ҳисоблаш тартибини бошқариш механизмини такомиллаштиришга ҳамда қонунда белгилаб қўйилган дастлабки тергов муддатларига риоя этилиши кафолатларини таъминлашга қаратилган мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган тузатишларга мувофиқ, жиноят ишлари бирлаштирилаётганда улар бўйича дастлабки тергов муддати узоқроқ муддат мобайнида тергов қилинган жиноят иши бўйича белгиланади. Бунда шу дастлабки тергов муддати қолган жиноят ишлари бўйича тергов иш юритиш муддатларини ҳам қамраб олади. Бундай ҳолларда янги қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов муддати ҳисобга олинмайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар жамиятни демократлаштириш ва янгилаш борасидаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бошқа бир қанча қонунларни ҳам кўриб чиқдилар.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн иккинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov