Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 29 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси очилади.
Унда парламент юқори палатаси аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджети, шунингдек жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш вазифаларини изчиллик билан ҳал этишда муҳим роль ўйнайдиган бир қатор қонунлар ва масалалар муҳокама қилиниши мўлжалланмоқда.
Кеча, 2007 йил 29 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Кенгаш аъзолари Олий Мажлис Сенатининг Раиси ўринбосари Ф.Муҳитдинованинг парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар ҳақидаги ахборотини тинглаб, маълумот учун қабул қилдилар.
Қўмиталарнинг раислари навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритилаётган 2008 йилги Давлат бюджети, қонунлар ва бошқа масалалар юзасидан хулосалар тайёрлиги ҳақида ахборот бердилар, мажлис ишини ташкил этиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Кенгаш тегишли қарорлар қабул қилди.  
* * *
Шу куни Сенатнинг барча қўмиталари, хусусан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари; Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари; Мудофаа ва хавфсизлик масалалари; Ташқи сиёсат масалалари; Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди, уларда сенаторлар ўн иккинчи ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилдилар. Шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджети ҳар томонлама ва муфассал кўриб чиқилди. Уни муҳокама қилиш асносида келгуси йил асосий макроиқтисодий кўрсаткичларининг прогнози мамлакатимиз Президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларидан келиб чиқиб тайёрланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Асосий молиявий ҳужжат иқтисодиётнинг барқарор ва мутаносиб суръатлар билан ўсишини таъминлашни, иқтисодиётни таркибий такомиллаштириш ва модернизациялашни, унинг энг муҳим тармоқларини техника ва технологиялар борасида янгилашни, солиқ сиёсатини янада эркинлаштиришни назарда тутади. Унда иқтисодиётда давлат иштирокини изчиллик билан камайтира бориш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш ишларини ҳар томонлама кучайтириш, иш ҳақи ва аҳолининг турмуш даражаси мудом ошиб боришини таъминлаш, тадбиркорликнинг жадал ривожланишини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал этиш ва одамларнинг фаровонлигини ошириш, банк-молия ва коммунал соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам мужассам топган.
Қўмиталар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга тақдим этилган 23 та қонунни, шунингдек парламент юқори палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни муҳокама қилдилар. Уларнинг ҳаммаси ўн иккинчи ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун тавсия этилди.
Мажлисларда сенаторларнинг 2007 йилнинг ўтган даври мобайнидаги иш якунлари ҳамда Сенат қўмиталарининг 2008 йилга мўлжалланган иш режалари лойиҳалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш тадбир-чоралари белгилаб олинди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov