Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 28 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2007 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг йўналишлари ҳамда 2008 йилги Давлат бюджети кўрсаткичларини муҳокама қилишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари С.Бекенов маъруза қилиб, мамлакат энг муҳим молиявий ҳужжатининг асосий кўрсаткичлари мазмуни ва аҳамиятини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг йўналишларини асослаб берди.
Масалани муҳокама қилиш асносида мажлис иштирокчилари навбатдаги молия йилига мўлжалланган Давлат бюджети юқори даражада ижтимоий йўналишга эгалигини, шунингдек иқтисодиёт ҳамда аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини камайтириш тамойилларини кўрсатиб ўтдилар.
2008 йилги солиқ сиёсатига Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 февралдаги 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида қилган маърузаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишлаб 2007 йил 30 августда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли» деган маърузасида белгилаб берилган стратегик устувор йўналишлар асос қилиб олинганлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу сиёсатнинг амалга оширилиши Давлат бюджети даромадларини кўпайтиришга қаратилган, солиқ тўплаш самарадорлигини оширишни ҳамда иқтисодий субъектлар фаолиятини кучайтириш учун шароит яратишни назарда тутадиган мустаҳкам базани барпо этиш, давлат харажатлари ўз вақтида ва тўла-тўкис амалга оширилишини таъминлаш имконини беради.
Мажлисда давлатимиз раҳбари 2007–2009 йиллар мобайнида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар миқдорини 2,5 баравар оширишни ижтимоий сиёсат соҳасидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берганлиги 2008 йилги Давлат бюджетининг харажатлар қисмида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тамойилини сақлаб қолишни назарда тутаётганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжатида фан, таълим ва маданият соҳаларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг тармоқ тизимларига ўтиш режалаштирилмоқда. Бу тизим ташаббускорликни ва касб маҳоратини ошириб боришни рағбатлантиришни, иш ҳақини малакага, меҳнат фаолиятининг хусусиятларига ва масъулият ҳиссига қараб даражалашни назарда тутади.          
Масалани муҳокама қилиш жараёнида Давлат бюджетида умумтаълим мактабларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлашни яхшилаш бўйича Давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратиш назарда тутилганлиги таъкидланди.
Шу билан бир қаторда Сувдан фойдаланувчи фермер хўжаликлари ассоциациясининг мелиорация тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш тадбирларига ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ҳам назарда тутилади. Бу тадбирлар янги ташкил этилаётган Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси орқали молияланади.
Шунингдек, ноқулай ерларда пахта етиштиришнинг рақобатбардошлигини сақлаб қолиш ҳамда рентабеллигини қўллаб-қувватлаш учун шароит яратиш мақсадида камунум ерларда пахта етиштираётган фермер хўжаликларига давлат томонидан ёрдам бериш назарда тутилаётганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Келгуси йилда Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси механизмини такомиллаштириш, бюджет маблағларидан ўз ўрнида фойдаланилиши устидан самарали ва таъсирчан назоратни таъминлаш, бюджетдан ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга имкон берадиган норматив молиялаш усулларини қўллаган ҳолда харажатларни оптималлаштириш ишлари ҳам давом эттирилади.
Муҳокама якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Қўмита мажлисида сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov