Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 26 октябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатасида “Мустақиллик йилларидаги иқтисодий ислоҳотларнинг қонунчилик асослари: таҳлил, баҳо ва хулосалар” мавзуида конференция бўлиб ўтди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан  Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Банклар ассоциацияси ва Банк-молия академияси билан биргаликда ташкил этилган ушбу конференцияда таъкидлаб ўтилганидек, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг              16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маърузаси мамлакатимиз ҳаётида катта тарихий аҳамиятга моликдир. Маърузада мамлакатимизда амалга оширилаётган, стратегик аҳамиятга эга бўлган кўп қиррали иқтисодий ислоҳотларнинг теран таҳлилига асосланган ғоялар илгари сурилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маърузасида халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш доимий эътибор марказидаги биринчи даражали вазифа бўлиб келганлиги ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажаги алоҳида қайд этилди. Иқтисодиётнинг жўшқин ва барқарор ўсишини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш устувор вазифалар бўлиб қолмоғи керак. Шу билан бирга Ўзбекистон иқтисодиётини янада эркинлаштириш ва ислоҳ этиш юзасидан кейинги йилларда қабул қилинган ҳуқуқий нормаларни амалга оширишга алоҳида эътибор берилиши керак.
Шу муносабат билан конференцияда халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий нормаларни амалга ошириш йўлида тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш, иқтисодиётнинг изчил ва барқарор ривожланишини, шунингдек банк-молия тузилмаларининг бозор ислоҳотлари жараёнларидаги кенг иштирокини таъминлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини таҳлил қилдилар. Конференцияда солиқ ва бюджет сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини кучайтириш, хусусий мулкнинг ролини ошириш, рақобат муҳитини яратиш, банк-молия соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, шунингдек ривожланган бозор инфратузилмасини яратиш билан боғлиқ устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш юзасидан конференцияда таклиф ва тавсиялар билдирилди.   

Конференция ишида сенаторлар, вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари, бизнес тузилмалар, Марказий банк, тижорат банклари, жамоат ташкилотлари намояндалари, олимлар, экспертлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov