Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 25 октябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  2007 йил 25 октябрда бўлиб ўтган мажлисида Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2005–2007 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Мажлисда қайд этилганидек, ушбу Қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги, Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маърузаларида баён этилган қоидалар асосида белгиланган. Қўмита Сенат Кенгашининг 2006 йил 4 апрелдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракат дастурини, шунингдек “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини бажариш юзасидан қатор тадбирларни амалга оширди.
Кенгаш томонидан кўрсатиб ўтилганидек, Қўмита ишида фан, таълим, маданият, спорт ва ижтимоий сиёсат соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари ижро этилишини мониторинг қилиб бориш, шунингдек сенаторларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари, мамлакат вазирликлари, идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада яхшилаш масалаларига катта ўрин берилган.
Ўтган давр мобайнида Қўмита томонидан тўққизта қонун юзасидан хулосалар тайёрланди, бу қонунлар Сенатнинг ялпи мажлислари муҳокамасига киритилди ва маъқулланди. Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг саккизта қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижроси таҳлил этилди. Тўртта сайёр мажлис ўтказилди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Мактаб таълимини ривожлантиришнинг 2004–2009 йилларга мўлжалланган давлат умуммиллий дастури ижросини ўрганиш натижалари Қўмитанинг тегишинча халқ депутатлари Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят Кенгашлари билан биргаликда ўтказилган сайёр мажлисларида кўриб чиқилди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Мактаб таълимини ривожлантиришнинг 2004–2009 йилларга мўлжалланган давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш соҳасидаги иши тўғрисидаги масаланинг Қўмита томонидан ўрганилиши натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисида, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди.
Мамлакат илмий салоҳиятидан фойдаланиш, юридик илм-фаннинг амалиёт билан алоқаси, таълимнинг барча соҳаларини ва кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ва миллий маданий меросни асраш, спортни, айниқса болалар спортини ривожлантириш, шунингдек ахборот эркинлигини ҳамда оммавий ахборот воситалари янада эркинлаштирилишини таъминлаш масалалари юзасидан Қўмита томонидан туркум конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ижтимоий сиёсат, аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш муаммоларига, аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Шахснинг ижтимоий соҳадаги конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муаммолари борасидаги фуқаролар мурожаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш ҳам Қўмита фаолиятида муҳим ўрин эгаллади. 
Кенгаш аъзолари мажлисда Қўмита фаолиятида ҳисобот даврида айрим камчиликларга йўл қўйилганлигини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Хусусан, Қўмита қабул қилган қарорлар қандай ижро этилаётганлиги етарли даражада назорат қилинмаган, назорат фаолиятининг парламент сўрови сингари шаклидан етарлича фойдаланилмаган, ҳуқуқни қўлланиш, шунингдек қабул қилинган қонунларни оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш масалалари пухта ўрганилмаган. Қўмита аъзоларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик механизми янада такомиллаштирилиши керак.
Кенгаш мажлиси якунлари бўйича Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда сенаторлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov