Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 25 октябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Буюк ипак йўлида жойлашган, ноёб тарихий ва маданий ёдгорликлари ҳамда анъаналари, кўркам табиий қўриқхоналари бўлган Ўзбекистон чет эллик сайёҳларни тобора кўпроқ жалб этмоқда ва мафтун қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси “Ўзбектуризм” миллий компанияси билан биргаликда ташкил этган, “Буюк ипак йўли” – Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш имконияти ва истиқболлари” мавзусига бағишлаб 2007 йил 25 октябрь куни ўтказилган давра суҳбатида туризм ва туристик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон ғарбни шарқ билан, жанубни шимол билан боғловчи асосий йўллар кесишувида жойлашганлиги тарихнинг тантилигидир. Бу ерда жаҳон миқёсида эътироф этилган маданий, тарихий ва меъморчилик обидалари жойлашган бўлиб, улар чет эл фуқароларида мамлакатимизга бўлган қизиқишни оширмоқда. Шу муносабат билан туристик бизнесни ривожлантиришга, бу соҳада хизмат кўрсатиш ва сервис даражасини янада оширишга мамлакатимиз раҳбарияти катта эътибор бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида 2006–2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазкур йўналишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бозор ислоҳотларини амалга ошириш, Ўзбекистонда иқтисодий фаолликни янада кучайтириш доирасида туризмни ривожлантириш, бу соҳада иқтидорли шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда, чет эллик туристларнинг кўплаб келишига эришишга қаратилган ҳаракатлар рағбатлантирилмоқда, туристик фаолиятнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланмоқда.
Масалани муҳокама қилиш асносида мустақиллик йилларида туристик хизматларнинг рақобатлашувга лаёқатли бозорини шакллантириш юзасидан институционал жиҳатдан ва сифат бўйича туб ўзгартишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Туризм соҳасида ихтисослашган хусусий операторлар фаолияти учун барча шароит яратиб берилмоқда, бу эса мамлакатимизга келаётган туристлар оқими кенгайишини таъмин этмоқда. Мамлакатда янгидан-янги туристик йўналишлар ишлаб чиқилмоқда, кўплаб замонавий меҳмонхоналар қурилмоқда, мавжуд меҳмонхоналар эса қайта қурилмоқда ва кенгайтирилмоқда – буларнинг ҳаммаси пировард натижада соҳани ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга давра суҳбати иштирокчилари туризм ва туристик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, туризм соҳасига инвестицияларни жалб этиш ва кадрлар тайёрлаш, туристик хизматлар сифатини ошириш, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини чет элларда кенгроқ кўламда реклама қилиш ишларини кучайтириш, шунингдек халқаро туристик ташкилотлар ва чет эллик шериклар билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидладилар. Сўзга чиққанлар туристик индустрия инфратузилмаси такомиллаштирилган, шунингдек халқаро бозорга тақдим этилаётган туристик маҳсулотларнинг сифати ҳамда экспортга йўналтирилганлиги кучайтирилган тақдирдагина туризмнинг талайгина салоҳияти ишга солиниши мумкинлигини ҳам айтиб ўтдилар.

Тадбирда сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг, дипломатик корпус, шунингдек Хусусий туристик ташкилотлар ассоциацияси ва туризм операторларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov