Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 24 октябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Шу йил 24 октябрь куни Қашқадарё вилояти Ёшлар марказида “Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил қилишда давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбирни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этган бўлиб, унда сенаторлар, Қашқадарё вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Иштирокчилар шуни алоҳида қайд этдиларки, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ташаббуси билан ва унинг раҳбарлиги остида Ўзбекистонда мустақиллик йиллари мобайнида замонавий талаблар ҳамда стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини барпо этиш, мамлакат мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг, уни барқарор тарзда изчил демократик ривожлантиришнинг ишончли кафили бўлган миллий армияни шакллантириш юзасидан ўз кўлами ва теранлиги жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди. Муддатли ҳарбий хизматнинг муддати бир йилга қадар қисқартирилганлиги, қўшинларнинг сифат таркиби ўзгарганлиги, уларнинг сафини тўлдириш, уларни қурол-аслаҳа билан таъминлаш тартиби такомиллаштирилганлиги, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматнинг жорий этилганлиги, контракт асосида хизмат қилишга ўтиш амалда тугалланганлиги армиямиз қиёфасини, мазмун-моҳиятини ва жанговар имкониятларини тубдан ўзгартириб юборди. Армияни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастурини амалга ошириш асносида унинг мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашдаги, барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашдаги роли анчагина ошди.
Офицер кадрларни тайёрлашнинг мустақиллик йиллари мобайнида ташкил топган тизими армияни юқори малакага эга бўлган барча даражадаги командирлар билан таъминлашга, уларнинг интеллектуал жиҳатдан ҳар тарафлама камол топишини рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг сифат таркибини тубдан ўзгартириб юборди ва уларнинг сафини пухта тайёргарлик кўрган, замонавий фикрловчи, давримизнинг юксак талабларига жавоб бера оладиган командирлар таркиби билан тўлдириш имконини бермоқда. Шу йиллар ичида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун моддий ҳамда ижтимоий-маиший шароитларни яхшилаш соҳасида кўпгина ишлар қилинди. Кейинги беш йилнинг ўзидагина ҳарбий унвон учун белгиланган маошлар, ҳарбий хизматдан бўшаётганда бериладиган нафақа пуллари миқдори икки мартадан ҳам зиёдроқ кўпайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган Фармони билан ҳарбий хизматнинг обрў-эътиборини янада ошириш, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг ўқув-жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарлиги самарадорлигини оширишда моддий жиҳатдан рағбатлантириш омилларини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 октябридан эътиборан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг лавозим маошлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда Молия вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобварағи ҳисобидан 1,15 баравар оширилди.
Фуқароларимиз ҳарбий хизматни “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резерви хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг ҳамда мамлакатимизда ҳарбий хизматни ташкил этиш ва фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари асосида амалга ошираётганликлари семинарда алоҳида таъкидлаб ўтилди. Тадбир иштирокчилари ўз нутқларида мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳозирги кунда нуфузли касблардан бирига айланиб қолганлигига, ёшлар армия сафида ҳарбий ихтисосларни эгаллаш билан бирга жисмонан ва маънан камол топаётганликлари ҳамда чиниқаётганликларига алоҳида урғу бердилар.
Семинарда умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришда, Қуролли Кучлар резервини ҳарбий таълим олган таркиб билан тўлдириш мақсадида сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларининг жанговар тайёргарлик дастурида назарда тутилган даражадаги зарур ҳарбий билимларни эгаллашда барча чақирилувчиларга тенг шароитлар яратиб бериш масалаларида тегишли вазирликлар, идоралар, жамоат бирлашмалари ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги ҳарбий хизматнинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қаратилган, ҳамкорлик йўналишидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ эканлигини ҳам қайд этиб ўтдилар.

Баҳс-мунозаралар асносида семинар иштирокчилари сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил этиш билан боғлиқ амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш ва уларни янада такомиллаштириш масалалари юзасидан қатор таклиф ҳамда тавсиялар билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov