Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 23 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ишончли тарзда, изчил ҳимоя этилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси давлат стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан мустақиллик йиллари мобайнида айниқса оналик ва болаликни муҳофаза этиш, келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилган чора-тадбирлар дастури изчиллик билан амалга оширилди. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ютуқлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганлиги ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар томонидан ижобий баҳоланаётганлиги бежиз эмас.
“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ҳукуматнинг 2007 йил 12 февралдаги мажлисидаги маърузаси асосий қоидаларини амалга ошириш юзасидан мамлакат парламенти юқори палатаси қўмиталарининг тадбирлар режаси доирасида “Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш–устувор вазифамиздир” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинар 2007 йил 23 ноябрь куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтди.
Семинар иштирокчилари она ва бола ҳуқуқларини қонунчилик йўли билан таъминлашга, хотин-қизларнинг, шу жумладан болаларини парваришлаш билан машғул аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга Ўзбекистон Республикасида муҳим аҳамият берилаётганлигини таъкидладилар. Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза этишнинг ҳуқуқий базаси БМТ тегишли Конвенциясининг нормаларини тўла-тўкис акс эттирганлигидан ташқари она ва бола ҳуқуқлари ҳимоясини анчагина кенгайтирмоқда ҳам. Чунончи, БМТ Конвенциясига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати ўн икки ҳафтани ташкил этиши лозим бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига биноан аёлларга бир юз йигирма олти календарь кун муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилади. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, болаларнинг, бўлажак оналарнинг соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлаш, соғлом авлодни тарбиялаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган дастурлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йиллари мобайнида она ва болани давлат йўли билан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими шаклланди. Шуни айтиш кифояки, 2006 йилда давлат бюджетининг ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир умумий харажатлари 51 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич бу йил 54,3 фоизга борди.
Маҳаллий ҳокимият органларини, жамоат бирлашмалари ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш фаолиятини амалга ошираётган бошқа ташкилотларни давлат йўли билан қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Семинарда таъкидлаб ўтилганидек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни доимо диққат марказида тутишлари, тегишли қонунлар ҳамда норматив ҳужжатлар ижро этилиши устидан мунтазам мониторинг ўтказиб боришлари лозим. Репродуктив соғломликни сақлаш соҳасида аҳолининг билим савиясини оширишда, тиббий маданиятни юксалтиришда, шунингдек мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарда ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш зарур.  

Семинар ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, мамлакатимиз вазирлик ва идораларининг вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov