Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 20 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши билан биргаликда ташкил этган, “Меҳрибонлик уйлари” ҳамда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашлари депутатларининг роли” мавзусидаги семинар 2007 йил 21 ноябрь куни Навоий шаҳрида бўлиб ўтди.
Семинарда таъкидлаганидек, мамлакатимизда жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар, ногирон болалар ва боқувчисини йўқотган болалар тўғрисида ғамхўрлик қилишга давлат мустақиллигига эришилган дастлабки кунлардан бошлабоқ катта эътибор бериб келинмоқда. Ана шундай болалар таълим ва тарбия олишига ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолият олиб бориши учун тегишли ҳуқуқий база яратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 28 та “Меҳрибонлик уйи” ва 86 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат мавжуд. Мазкур муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ҳар йили давлат томонидан собитқадамлик билан маблағ ажратиб келинмоқда.
“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурига мувофиқ “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, уларни капитал таъмирлаш ҳамда техник ва ёрдамчи воситалар, компьютер синфлари, мебель ва юмшоқ инвентарь билан жиҳозлаш, автотранспорт ажратиш, шунингдек “Меҳрибонлик уйлари”нинг битирувчилари учун ҳар бир минтақада оилавий блоклари бўлган ётоқхоналар, болаларни ижтимоий мослаштириш марказлари ташкил этиш, болаларни тиббий ва профилактика мақсадидаги кўриклардан мунтазам равишда ўтказиб туриш, янги таълим дастурлари ва қўлланмалар яратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Чунончи, жорий йилда “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури доирасида “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда жами 1,5 миллиард сўмлик ҳажмда таъмирлаш ҳамда қурилиш ишлари бажарилди, бундан ташқари ана шу мақсадларга қўшимча равишда 1,1 миллиард сўм ажратилди. “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни автобуслар билан таъминлаш мақсадида 2007 йили 4,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Кўзи ожиз, қулоғи оғирроқ ва ақли заиф болаларнинг ихтисослаштирилган мактаблари ва мактаб-интернатлари учун 59 номда ўқув қўлланмалари яратилди. Ўз уйида истиқомат қилаётган 12 мингдан ортиқ ногирон болалар ўқув ашёлари билан таъмин этилмоқда. “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар билан бир қаторда мамлакатимизда янги турдаги болалар муассасалари – “Оилавий болалар уйи” барпо этилмоқда. Уларда юқорида айтилган тоифадаги болаларнинг таълим олиши ва тарбияси учун имкон қадар яхшироқ шароитлар таъминланади. Бу йўналишда Навоий вилоятида муайян тажриба тўпланган. Мамлакатимизда фаолият кўрсатиб турган бешта шундай муассасадан учтаси Навоий вилоятида жойлашган бўлиб, уларнинг ҳамма транспорт билан таъминланган.
“Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳомийлар маблағларини жалб этиш ишларига ҳам семинар иштирокчилари эътибор қаратдилар. Хусусан, Навоий вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаол кўмагида 2007 йили “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар учун ҳомийлар ҳисобидан 75 миллион сўмлик мебель, юмшоқ инвентарь ва компьютерлар сотиб олинди, иккита болалар муассасасига “Дамас” микроавтобуси ажратилди, Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”нинг ҳисоб-китоб варағига 11 миллион 400 минг сўм ўтказилди.
Шу билан бирга семинар иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашлари депутатлари “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш муаммоларини ҳал этишда ҳамиша ҳам ташаббус ва қатъият кўрсатмоқдалар деб бўлмайди, бу масалалар халқ депутатлари Кенгашлари муҳокамасига камдан кам ҳолларда чиқарилмоқда.
Масалани муҳокама этиш асносида семинар иштирокчилари ўзаро фикр алмашдилар, халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашлари депутатларининг “Меҳрибонлик уйлари” ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтиришга ҳамда давр талабларини инобатга олган ҳолда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилган бир қанча таклифларни билдирдилар.

Семинар ишида сенаторлар, Навоий вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ва вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov