Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 20 декабрь

ҚОНУН ИЖРОСИ МУҲОКАМАДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасида 2007 йил 20 декабрь куни “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг фермер хўжаликларини давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлашга доир қисмининг ижро этилиши муҳокамасига бағишланган  мажлис бўлиб ўтди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида теран таркибий ва тузилмавий ўзгаришлар рўй берди. Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини барпо этиш юзасидан кейинги йилларда қабул қилинган чора-тадбирлар қишлоқда мулкдорлар синфи шаклланишида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўпайиши ва қишлоқ аҳлининг даромадлари ортишида мададкор бўлди.
Илгариги ширкатлар ўрнида ташкил топган фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий шакли бўлиб қолди. Уларнинг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш мақсадида қисқа муддатларда мини-банклар, муқобил машина-трактор парклари, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ташкил этилди, ёнилғи-мойлаш материаллари ҳамда минерал ўғитлар билан таъмин этувчи юзлаб пунктлар барпо этилди, фермерларга кредитлар ажратиш ҳамда уларга лизинг асосида замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ишлари муваффақиятли тарзда йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Наслчилик тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қишлоқ хўжалиги, шу жумладан фермерлик ривож топишида асос бўлаётган норматив-ҳуқуқий базага айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори шу йўналишда янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, камҳосил ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган фермерларни давлат йўли билан самарали қўллаб-қувватлаш учун пухта замин бўлиб қолди.
Мамлакат Давлат бюджети қабул қилиниб, унда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш ҳамда ҳосилдорлиги юқори бўлмаган ерларда ишлаётган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун аниқ мақсадга йўналтирилган маблағлар белгиланиб, уларни молиялаштиришнинг аниқ манбалари белгилаб қўйилганлиги фермерлик ҳаракатини ривожлантириш тўғрисида давлат томонидан қилинаётган доимий ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Узоқ муддат фойдаланиш учун ер олган фермер хўжаликлари давлат органларининг доимий мададини ҳис этиб, ерга ва суғориладиган сувга тежамкорлик билан муносабатда бўлишга, агротехниканинг янги усулларини қўлланишга, янада юқорироқ ҳосил олишга муваффақ бўлмоқдалар. Жорий йилда ғалла ва пахтадан рекорд даражасида ҳосил олинди. Мамлакатимизда 6 миллион 250 минг тонна буғдой, 3 миллион 600 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. Давлат томонидан мудом қўллаб-қувватлаб келинаётганлиги, деҳқон ва фермерларда мулкдорлик туйғуси кучайиб бораётганлиги, улардаги меҳнатга ҳалол ва виждонан муносабат, фаол ҳаётий позиция, манфаатдорлик ва масъулият, умумий ишга дахлдорлик туйғуси ана шу ютуқларга эришишда асосий омил бўлди.
Қўмита мажлисида сенаторлар “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Марказий банк ва тармоқ банклари, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” компаниялари, “Ўзагромашсервис” ҳамда ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмалари бўлинмаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси бошқа вазирлик ва идораларининг ҳудудий тузилмаларида ижро этилиши тўғрисидаги ахборотларни тинглаб, фермер хўжаликларини банк хизматлари, ёнилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар, чорва озуқаси, айниқса кунжара ва шулха билан таъминлашда фойдаланилмаган захира ва имкониятлар борлигини таъкидладилар, улардан фойдаланишга оид, шунингдек мини-банклар ишини янада такомиллаштириш, уларни зарур компьютерлар ҳамда алоқа воситалари билан таъминлаш юзасидан таклифлар билдирдилар.

Тадбирда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, фермер хўжаликлари  уюшмаларининг раҳбарлари, йирик фермер хўжаликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov