Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 20 декабрь

ҚОНУН ИЖРОСИ МУҲОКАМАДА

“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини амалга оширишга қаратилган тадбирлар режаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасида “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон  Республикаси Қонунининг Бухоро вилоятидаги меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлинмалари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ижро этилишига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқи Ўзбекистон  Республикаси Конституциясида кафолатланган бўлиб, Асосий Қонунимизнинг 39-моддасида “Ҳар ким қариганда... ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бизда ҳамиша давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган. 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинганлигининг ўзи ҳам бунга яққол далилдир. Охирлаб бораётган мазкур йилда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш кўламларини анчагина кенгайтиришга, шу йўналишда янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишга, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг амалдаги тизими самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга муваффақ бўлинди.
“Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги  Ўзбекистон  Республикаси Қонунининг 5-моддасида айтилганидек, давлат жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқароларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақларида жамғарилган маблағлари сақланиши ҳамда тўланишини кафолатлайди. Иш берувчиларнинг, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мажбурийдир. Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар.
Қонуннинг айни ана шу ва бошқа қоидалари “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги  Ўзбекистон  Республикаси Қонунининг ижро этилиши борасидаги аҳволни Бухоро вилояти мисолида ўрганишда таянч нуқта бўлди.
Мажлис иштирокчилари эътироф этганидек, Бухоро вилоятида мазкур Қонуннинг моддалари ва нормаларини амалга ошириш юзасидан Бухоро вилоятида муайян ижобий тажриба тўпланган. Вилоятдаги фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши назарда тутилган 19 минг 942 та хўжалик юритувчи субъектда 326 минг 706 нафар ходим Халқ банки филиалларига зарур анкеталарни тақдим этган бўлиб, эндиликда уларнинг жамғариб бориладиган ҳисобварақларига ой сайин ажратмалар ўтказиб турилибди. 2007 йилнинг 1 ноябрига бўлган ҳолатга кўра бундай ажратмаларнинг умумий миқдори 5 миллиард сўмдан ошган. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида жамланувчи маблағларга пул қадрсизланишига нисбатан юқори суръатлардаги ставкалар бўйича фоизлар вақтида ҳисоблаб қўшилмоқда. Биргина 2006 йилнинг ўзида Бухоро вилоятида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига шу асосда қўшилган фоиз ставкалари 190,6 миллион сўмни ташкил этди.
Маҳаллий ҳокимият органлари, Молия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг вилоят бошқармалари ва туман бўлинмалари, солиқ хизмати ва Халқ банкининг тегишли бўлинмалари “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги  Ўзбекистон  Республикаси Қонунининг қоидаларини тушунтириш ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш учун тақдим этилаётган ҳужжатларни вақтида рўйхатга олиш юзасидан собитқадам иш олиб бормоқдалар.
Шу билан бирга мажлисда баъзи туманларда Халқ банкининг филиалларига айрим фермер хўжаликлари жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ҳисоблаб чиқарилаётган ва киритилаётган пул маблағлари тўғрисида ахборотларни (реестрларни) вақтида топширмаётганлиги таъкидланди, жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этиши назарда тутилган фуқароларнинг фаоллигини кучайтириш тавсия этилди.
Мажлис иштирокчилари маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларининг, улардаги ижтимоий масалалар билан шуғулланувчи доимий комиссияларнинг “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги  Ўзбекистон  Республикаси Қонунининг қоидаларини муваффақиятли тарзда амалга оширишдаги, Молия, Меҳнат ва аҳолини муҳофаза қилиш вазирликлари, Солиқ хизмати ва Халқ банки бошқармалари ва бўлимларининг ушбу Қонуннинг қоидаларини ижро этишда амалийликни таъминлашга қаратилган ҳаракатларини мувофиқлаштиришдаги алоҳида ролини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбирда сенаторлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг республика ва вилоят миқёсидаги раҳбарлари, фермер хўжаликлари уюшмалари мутасаддилари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov