Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 20 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Мамлакатимиз Асосий Қонуни қабул қилинганлигининг ўн беш йиллиги олдидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – ҳуқуқий ислоҳотлар асоси” мавзусига бағишланган давра суҳбати 2007 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари Конституцияни давлатимизни равнақ топтиришнинг мақсад ва истиқболларини белгилаб берган, унинг барқарорлиги ҳамда ижтимоий тараққиёти пойдеворига асос солган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари гарови бўлган бағоят муҳим, асосий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат дея таъкидладилар. Ўз тараққиёт йўлини танлаб олган халқимиз учун Конституция янги эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ишончли ҳуқуқий кафолати бўлиб қолди.
Муҳокама ва ўзаро фикр алмашувлар асносида айтилганидек, мустақиллик йиллари мобайнида давлатчилик ҳамда ҳуқуқий ривожланиш борасида Ўзбекистон эришган ютуқлар Конституциямиз принциплари ва нормалари амал қилаётганлигининг самарасидир. Сўзга чиққанлар халқимизнинг кейинги йиллардаги ютуқларига баҳо берар эканлар, Асосий Қонуннинг улкан роли ҳамда салоҳиятини холислик билан эътироф этиш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида шунга алоҳида урғу бериб айтдики, “... мамлакатимизда ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш, инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий ва устувор қадрият сифатида қарор топтириш борасида ўтган давр мобайнида қонунчилик соҳасида ва амалий сиёсатимизда қандай натижа ва ютуқларни қўлга киритган бўлсак, уларнинг барчаси Конституциямизда муҳрлаб қўйилган талаб ва тамойиллар билан узвий боғлиқдир”.
Мамлакатимизнинг етакчи олим ва ҳуқуқшунос мутахассислари ўз сўзларида Конституция негизидаги суверен тараққиёт йилларида бизда бутунлай янги илғор қонунчилик шаклланганлигига ҳам эътиборни қаратдилар. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мамлакатни эркинлаштириш ва модернизациялаш ўзанида киритилган тузатишлар конституциявий-ҳуқуқий ислоҳот амалга оширилаётганлиги ва конкретлик касб этаётганлигидан ёрқин далолатдир. Бу тузатишлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимизни кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари илгарилаб бориши зарурияти тақозосидир.
Ҳозирги вақтда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳот сайловлар ўтказишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш механизмининг қайта шакл топишига олиб келдики, бу хусусан давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайганлигида намоён бўлмоқда. Буларнинг ҳаммаси Конституциянинг барқарорлиги ва ҳаётийлиги қонунларимиз доимий равишда янги мазмун ва моҳият билан тўлдириб борилаётганида, асосий қомусимиз нормалари  ижтимоий-ҳуқуқий амалиётда мужассам топаётганлигида ёрқин намоён бўлаётганлигидан далолат беради.
Давра суҳбати иштирокчилари демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этишнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган дастурий мақсадларига мувофиқ мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ишларини бундай буён ҳам давом эттиравериш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Масалани муҳокама этиш асносида тадбир иштирокчилари қонунчилик иши сифатини яхшилаш, Конституциянинг роли ва аҳамиятини янада кенгроқ тарғиб этиш хусусида, фуқароларнинг Конституция борасидаги билимларини чуқурлаштириш, уларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданияти даражасини юксалтириш тадбир-чораларини амалга ошириш масалалари юзасидан қатор таклифлар билдирдилар.
Давра суҳбати якунлари асосида иштирокчилар тегишли тавсия қабул қилдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторлари ва депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари, турли жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov