Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 15 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2007 йил 15 ноябрдаги мажлисида “Бюджет тизими тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий таркибий бўлинмалари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг бу йўналишдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 сентябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармонида ҳамда 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар руҳида амалга ошириб келинаётганлиги мажлисда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Олий Мажлис Сенати қўмитасининг мажлисида ишчи гуруҳ аъзоларининг, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ахборотлари тингланди, шу аснода мазкур Қонун талабларига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимида бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги ҳам айтиб ўтилди. Аниқ мақсадга йўналтирилган дастурлар, шунингдек Ҳукумат қарорлари доирасида фуқаролар соғлиғини сақлашни тубдан яхшилаш, аҳолининг соғлом ва муносиб турмуш тарзини таъминлаш юзасидан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, навқирон авлодни жисмонан соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш учун зарур шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилди ҳисоб, аҳолига юқори малакали бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган ихтисослаштирилган касалхоналар ва бўлимлар тармоғи яратилди. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида жиддий ўзгаришлар содир бўлди, замонавий тиббий техника билан жиҳозланган уч мингдан ортиқ қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилганлиги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини анчагина яхшилашга ёрдам берди.
Бюджет маблағлари соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда сарфланди, бу эса тармоқнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини мақбуллаштириш ишларини давом эттириш имконини берди.
2007 йилги Давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлашга ўтган йилги кўрсаткичдан 32 фоиз кўп маблағ назарда тутилган, бу йил тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари 1,4 баравар ўсди. Моддий рағбатлантириш ва моддий-техникавий ривожланиш жамғармаси маблағлари икки баравар ошди. Бу эса ишда ўзини кўрсатган ва ибрат бўлган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда уларнинг меҳнат шароитлари, иш натижалари ва сифатини яхшилаш вазифаларини ҳал қилишга ёрдам берди.
Бюджетдан ташқари маблағлар ҳажми бошқа манбалар қатори пулли хизматларни ривожлантириш ҳисобига йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2007 йили бюджетга ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баравар кўп қўшимча маблағ тушди.
Шу билан бирга мажлис иштирокчилари айрим соғлиқни сақлаш муассасаларида, айниқса Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида бюджет маблағларидан ўз ўрнида ва самарали фойдаланмаслик, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомади ҳамда уларни талон-торож қилиш ҳоллари ҳамон барҳам топмаганлигини ҳам айтиб ўтдилар.
Масалани муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари эътиборини ажратилаётган маблағлардан тармоқни тартибга солиш, камқувват муассасаларни кўп тармоқли касалхоналар ва поликлиникаларнинг таркибий бўлинмаларига айлантириш орқали оқилона ва самарали фойдаланишни назорат қилиб бориш ва ҳисобга олишни кучайтириш кераклигига, шунингдек бюджетни ҳар бир кишига тўғри келадиган сарф-харажатлар нормативини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш ва молиялаштиришга ўтиш ишларини тугаллаш зарурлигига қаратдилар.          
Мажлисда мамлакатимиз тиббиёт муассасаларини ислоҳ қилиш жараёнини янада чуқурлаштириш, улар фаолиятини такомиллаштириш вазифаси тиббий ёрдамни ташкил этишга ва бундай ёрдамни кўрсатиш шаклларига янгича талаблар қўяётганлиги, бу эса “Фуқароларни тиббий суғурталаш тўғрисида”ги янги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқишни, “Бюджет тизими тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва амал қилиб турган қонуности ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб қилаётганлиги ҳам қайд этиб ўтилди. 
Муҳокама якунлари асосида тегишли қарор қабул қилинди.
Қўмита мажлисида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, Молия, Иқтисодиёт, Адлия вазирликлари, Молия вазирлиги Ғазначилиги ва Марказий банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек бошқа манфаатдор давлат бошқарув органлари ҳамда нодавлат муассасалар, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov