Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 8 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ўзбекистон Республикасида аҳоли соғлиғини сақлашга, ногиронликнинг олдини олишга ҳамда ногиронларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш учун шароит яратишга қаратилган чора-тадбирлар истиқлолнинг дастлабки кунларидан буён изчил амалга ошириб келинмоқда. “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ногиронлар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши учун уларга Ўзбекистон Республикасининг бошқа барча фуқаролари билан тенг имкониятларни таъминлаш, ҳаёт ва фаолиятларидаги чекланганликни бартараф этиш, тўлақонли турмуш кечириш, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш, шунингдек ўз фуқаролик бурчларини бажариш имконини берадиган қулай шароитлар яратиш мақсадида ногиронларга доир давлат сиёсатини белгилайди.
Аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий муҳофазани кучайтириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, айниқса ногиронларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, “Меҳрибонлик уйлари” ҳамда жисмоний ва ақлий нуқсонли болаларнинг ихтисослашган мактаб-интернатлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 мартдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2007 йил 17 сентябрдаги “Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари давлатимиз раҳбари томонидан таърифланган вазифаларнинг бағоят долзарблиги ва аҳамиятини таъкидлайди.
  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2007 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Мажлисда таъкидланганидек, Жиззах вилоятининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ногиронларга “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ижтимоий ёрдам бериб келаётир. 2007 йил 1 январь ҳолатига кўра вилоятда 29548 нафар ногирон ҳисобга олинган бўлиб, шуларнинг 5293 нафарини 16 ёшга тўлмаган болалар, 10202 нафарини болаликдан ногирон, 16 ёшдан ошганлар ташкил этади. Вилоят ижтимоий таъминот органларида 658 нафар уруш ногирони ва уларга тенглаштирилганлар, 124 нафар Афғон уруши ногирони, 180 нафар Чернобиль АЭСда юз берган ҳалокат ногирони, 682 нафар ёлғиз ва қаровчисиз  қолган ногирон ҳисобда туради. Вилоятда Ногиронлар жамияти, “Арнасой қадрияти” шўъба корхонаси, Байналмилалчи жангчилар ассоциацияси, кар-соқов ва кўзи ожизлар жамияти иш олиб бормоқда.
“Ижтимоий ҳимоя йили” вилоят дастурига мувофиқ 2007 йил мобайнида сарфиёти 19 млрд. сўмликдан ортиқ тадбирларни амалга ошириш мўлжалланган. Жиззах шаҳридаги биринчи оилавий поликлиника ва “Меҳрибонлик уйи”, Зомин тумани марказий касалхонаси ва “Мурувват уйи”, кар-соқов ва қулоғи оғир болаларнинг вилоят мактаб-интернатлари, Мирзачўл туманидаги қозоқ мусиқали драма театри бинолари таъмирланди ҳамда техник воситалар, ускуналар, мебеллар билан жиҳозланди. “Саломатлик-2” дастурини амалга ошириш доирасида 83 та қишлоқ врачлик пунктларига тиббиёт ускуналари ва мебеллар ажратилди. Ногиронларни касбий қайта тиклаш ва ишга жойлаштириш юзасидан собитқадам иш олиб борилмоқда, уларга ногиронлар аравачалари, эшитиш аппаратлари, компьютерлар, дори-дармонлар ажратилди, шунингдек бепул тиш протезлари ва кўз қорачиқлари қўйиб берилди.
Ногиронликнинг олдини олиш, тиббий, профессионал ва ижтимоий тиклаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижасида вилоятда ногиронлар сони камайиб бормоқда. Чунончи, 2006 йилда 29924 нафар ногирон ҳисобда турган бўлса, 2007 йилда уларнинг сони 29548 нафарни ташкил этди.
Шу билан бирга қўшма мажлис иштирокчилари “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиш ишларини изчиллик билан давом эттириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Масалани биргаликда муҳокама қилиш асносида сенаторлар, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг депутатлари, мутахассислар ва ижтимоий соҳа ходимлари томонидан ногиронларни ижтимоий муҳофаза  қилиш тизимининг самарадорлигини янада оширишга, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давр талабларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.
Қўшма мажлис ишида сенаторлар, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутатлари, мутахассислар, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Жиззах вилоят ногиронлар жамиятлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov