Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 8 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

Ҳар қандай давлатни тараққий топтириш истиқболлари турмуш фаровонлигига, оналикнинг муҳофаза қилиниши таъмин этилишига ва бутун авлоднинг соғломлигига бевосита боғлиқ. Ўзбекистон оналар ва болалар ўз ҳуқуқ ҳамда талаб-эҳтиёжларини ҳар томонлама амалга ошира олишларига, жамиятда қадр ва муносиб ўрин топа олишларига ҳукумат даражасида катта аҳамият берилаётган жаҳондаги саноқли мамлакатлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси давлат стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан бири ишончли ва изчил ижтимоий ҳимояни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлашдан, ёш авлод ҳақида ғамхўрлик қилишдан иборатдир.
Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг “Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” деган маърузасида таъкидланганидек, «Ҳамма нарса инсон учун, унинг келажаги учун» деган эзгу тамойилни тўлиқ амалга ошириш биз учун доим энг муҳим устувор вазифа бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади». Шу билан бирга мамлакатимиз раҳбари бўлажак оналарнинг саломатлигини мунтазам назорат қилиб борадиган ва соғлом болалар дунёга келишига хизмат қиладиган скрининг марказларининг барпо этилган кенг тармоғи роли ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Бу соҳадаги фаолиятнинг муҳим йўналишларидан бири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда қўшилган Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенцияси қоидаларини миллий қонун ҳужжатларига сингдиришдан иборатдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг 2007 йил 8 ноябрда Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган сайёр мажлиси шу мавзуга бағишланди. Мажлис халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлари билан биргаликда ўтказилди.
Вилоятдаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг, ЮНИСЕФнинг вакиллари, мутахассислар иштирокида ўтган мажлисда мазкур Конвенциянинг вилоят миқёсида бажарилиши кўриб чиқилди, бу соҳадаги фаолият самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ҳақида фикр алмашинди.
Муҳокама асносида Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенция нормалари миллий қонунларимизга сингдирилганлиги ҳамда улар Меҳнат ва Оила кодексларида, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, мамлакат Президентининг бир қатор фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида акс эттирилганлиги кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси “Хавфсиз ҳомиладорликни таъминлаш” ва “Перинатал ёрдам самарадорлигини ошириш” дастурларини МДҲ мамлакатлари орасида биринчилар қатори жорий этди.
Ушбу Конвенция қоидаларини миллий қонун ҳужжатлари нормалари билан қиёсий таҳлил қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистонда оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конвенция нормаларини тўла-тўкис акс эттирибгина қолмасдан, шу билан бирга мамлакатимизда она ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни анчагина кенгайтирмоқда ҳам. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ оналик ва болалик, оила давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Аҳоли ўртасида репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилганлиги, болалар ва туғруқ муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланганлиги, қон билан таъминлаш хизмати ривожланганлиги, 11 та замонавий скрининг марказлари инфратузилмаси яратилганлиги бу соҳада олиб борилаётган сиёсатнинг реал натижаларидир.
Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида бу соҳада комплекс дастурлар амалга оширилганлиги туфайли оналар ва гўдаклар ўлими даражаси анча пасайди.
Сайёр мажлис муҳокамасига ҳавола этилган масалани ўрганиш Бухоро вилоятида мустақиллик йилларида бу борада катта иш олиб борилганлигини, хусусан оналикни муҳофаза қилишга қаратилган мамлакат қонунлари ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш учун шароит яратилганлигини кўрсатди. Ҳамма ерда ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг 10–12-ҳафтасидан эътиборан тиббиёт муассасаларида ҳисобга қўйилди. Эмлаш билан қамраб олинган болалар 92,8 фоизни ташкил этмоқда. 2005 йилдан бошлаб Бухоро вилоятида Осиё Тараққиёт банки иштирокида “Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси асосида барча туман туғруқхона мажмуалари капитал таъмирланди ва замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Шу билан бир қаторда мажлисда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида вилоятда муайян ютуқларга эришилганлигига қарамай, ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор муаммолар борлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Сенаторлар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини самарали амалга оширишга, тегишли қонунлар ва норматив ҳужжатларнинг ижросини изчил мониторинг қилишга ёрдамлашиш, аҳолининг репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш соҳасидаги билими даражасини оширишда, тиббий маданиятни яхшилашда, шунингдек мулкчиликнинг ҳамма шаклларига мансуб корхоналарда ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш зарурлигига эътиборни қаратдилар.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг мажлисларида мутахассисларни жалб этган ҳолда, шунингдек Бухоро вилоятидан сайланган сенаторлар иштирокида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларнинг аҳволини кўриб чиқиш ҳамда тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини тинглаш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сайёр мажлис ишида сенаторлар, Бухоро вилоятидаги халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари, тегишли вазирликлар ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ЮНИСЕФ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, халқаро ташкилотлар, жамғармалар, жамоат ва ноҳукумат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov