Олий Мажлис Сенати янгиликлари

<< Янгиликлар |                                                                

2007 йил 7 ноябрь

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

2007 йил 7 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда давлат-тижорат Халқ банки билан биргаликда ташкил этилган “Ижтимоий ҳимояни таъминлашнинг молиявий механизмини янада яхшилашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда мустақилликнинг биринчи кунларидан буён мамлакат Президентининг бевосита раҳбарлигида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини: пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилишга катта эътибор бериб келинаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган.
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 мартда қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Ушбу Фармонга мувофиқ болали эҳтиёжманд оилаларга нафақалар, ишламаётган оналарга икки ёшга тўлмаган болаларни парваришлаш учун нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижтимоий адолат, холислик ва ошкоралик принципларига, шунингдек бу ёрдамни оиланинг мулкий аҳволини ҳисобга олган ҳолда ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилаларга бериш принципларига оғишмай риоя этиш асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йилги Давлат бюджети параметрларида 16 ёшга тўлмаган болалари бор оилаларга ижтимоий нафақалар, ишламаётган оналарга икки ёшга тўлмаган болаларини парвариш қилишларига, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларга нафақалар тўлаш учун 350,0 млрд. сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган.
Семинар иштирокчилари аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашдаги ролини ошириш ва кам таъминланган оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳасида мамлакатда амалга оширилаётган жараён алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирда ижтимоий ҳимояни таъминлашнинг молиявий механизмини яхшилаш чоралари, шунингдек бу чораларни амалга ошириш жараёнида пайдо бўладиган қийинчилик ва камчиликлар батафсил муҳокама қилинди, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш чораларини амалга оширишнинг молиявий механизмини янада такомиллаштириш учун амалдаги қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Семинар ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, давлат-тижорат Халқ банки, “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, илмий муассасалар, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

© O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati - Sayt dizayni Abror Musahonov